Президент ҳузурида Олимпия ҳаракатини ривожлантириш режалари кўриб чиқилди
Шавкат Мирзиёев 1 июл куни Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

2028 йилда Лос-Анжелес шаҳрида бўладиган ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёргарлик бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд қилинишича, қарор билан 10 та устувор вазифа белгиланмоқда. Булар – спорт турларини устувор, истиқболли ва ривожланаётган тоифаларга ажратган ҳолда кучайтириш, натижадор спорт турлари географиясини кенгайтириш, иқтидорли ёшларни қуйи бўғиндан бошлаб шаффоф усулда саралаб олиш, хорижий мамлакатлар тажрибасига асосланган миллий методика яратиш, терма жамоалар учун аниқ мақсад ва натижадорликка йўналтирилган ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, уларнинг моддий-техник базасини яхшилаш, халқаро спорт ташкилотлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш каби.
Шунингдек, Ўзбекистон спортчиларини 2028 йилги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига тайёрлаш дастури ва мақсадли кўрсаткичлар белгиланмоқда.
Бу соҳадаги ишларни тизимли ташкил этиш мақсадида Миллий олимпия қўмитасининг 14 та ҳудудий бўлими ташкил этилди. Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари Олимпия ҳаракатини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентининг махсус вакили бўлади. Ҳар бир ҳудудга Спорт вазирлиги ва Олимпия қўмитасидан масъуллар бириктирилади.
Иқтидорли спортчиларни энг қуйи бўғиндан бошлаб саралаш ва профессионал этиб тайёрлаш учун уч босқичли “Янги Ўзбекистон Олимпия чўққилари” мусобақаси йўлга қўйилади. Унинг финал босқичи ҳар йили Олимпия шаҳарчасида “Президент Олимпиадаси” сифатида ўтказилади. Ғолиб ва совриндор спортчилар Олимпия марказларига жалб этилиб, профессионал тайёрланади.
Республика олимпия ва паралимпия марказининг фаолияти миллий терма жамоалар захирасини яратишга қаратилади. Унинг таъминоти 2026 йилдан бошлаб республика бюджетига ўтказилади. Марказ 8-11-синфлар учун мактаб, 1-2-курслар учун коллеж сифатида фаолият кўрсатади ҳамда қабул квотаси оширилади. 1-2-курс ўқувчиларига Спорт вазирлиги стипендияси берилади. Ўқув-машғулотлар ўтказиб бориш учун Олимпия шаҳарчаси иншоотлари марказга беғараз асосда бириктирилади.
Шунингдек, атлетлар захирасини кенгайтириш мақсадида хусусий спорт клублари фаолияти такомиллаштирилиб, расмий мусобақалардаги иштироки таъминланади. Юқори натижа кўрсатган спортчилар миллий терма жамоаларга қабул қилиниши мумкин бўлади.
Спортчи ва мураббийлар учун кўплаб рағбатлар ҳам назарда тутилмоқда. Жумладан, нуфузли мусобақалар ғолиб ва совриндорлари олий ҳарбий таълим муассасаларига тўғридан-тўғри қабул қилинади. Маҳоратли спортчиларни бошланғич бўғинда етиштирган мураббийлар учун ҳам устаманинг муайян қисми тўлаб борилади.
Давлат раҳбари спорт федерациялари фаолиятини самарали ташкил этиш, ҳудудларда соҳа инфратузилмасини яхшилаш, спортчи ва мураббийларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш бўйича кўрсатмалар берди.
Мавзуга оид

20:18 / 01.07.2025
Шавкат Мирзиёев рақамли технологиялар соҳасидаги режалар тақдимоти билан танишди

19:55 / 01.07.2025
Шавкат Мирзиёев давлат ташрифи билан Озарбойжонга боради

15:29 / 30.06.2025
Президент ёшларнинг инновацион ишланмалари ва истиқболли лойиҳалари билан танишди

15:01 / 30.06.2025