Жаҳон | 16:36
1061
2 дақиқада ўқилади

USAID дастурларини кескин қисқартириш 14 миллион одамнинг ўлимига сабаб бўлиши мумкин

Бошқа нарсалар қаторида, бундай дастурлар безгак, турли тропик касалликлар, ОИВ инфекциясининг асоратлари ва бошқа касалликлардан ўлимни камайтиришга ёрдам берган.

Фото: Getty images

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмуриятининг АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) дастурларини кескин қисқартириш ҳақидаги қарори туфайли 2030 йилга бориб, дунё бўйлаб 14 миллиондан ортиқ одам нобуд бўлиши мумкин. Бу ҳақда Lancet журналида чоп этилган тадқиқотда айтилган.

Халқаро тадқиқотчилар гуруҳи 2001 йилдан 2021 йилгача турли сабабларга кўра барча ёшдаги одамларнинг ўлимига USAID ёрдам дастурларининг таъсирини баҳолаш учун 133 та мамлакат ва ҳудудлардан, жумладан, паст ва ўрта даромадли мамлакатлардан олинган маълумотларни таҳлил қилди.

Натижада нашр муаллифлари 20 йилдан ортиқ вақт давомида USAID дастурлари бутун дунё бўйлаб 91 миллиондан ортиқ ўлимнинг, жумладан, беш ёшгача бўлган болалар ўртасида 30 миллион ўлимнинг олдини олишга ёрдам берган деган хулосага келди. Бошқа нарсалар қаторида, бундай дастурлар безгак, турли тропик касалликлар, ОИВ инфекциясининг асоратлари ва бошқа касалликлардан ўлимни камайтиришга ёрдам берган.

«Биз тахмин қиламизки, агар молиялаштиришни кескин қисқартириш тўғрисидаги қарор бекор қилинмаса, 2030 йилга бориб олдини олиш мумкин бўлган ўлим ҳолатлари кескин кўпайиши мумкин», дейилади тадқиқотда. Масалан, 2030 йилга бориб барча ёшдаги 14 миллиондан ортиқ одам, жумладан, беш ёшгача бўлган болалар орасида 4,5 миллион ўлим бўлиши мумкин.

АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) 1961 йилда ташкил этилган. 2025 йилда унинг чет эл ёрдами учун бюджети 42,8 миллиард долларни ташкил қилиши керак эди. Агентлик, бошқа нарсалар қаторида, бутун дунё бўйлаб гуманитар дастурларни молиялаштирди.

Январ ойида АҚШ президенти Доналд Трамп давлат харажатларини қисқартириш сиёсати доирасида USAID ташқи ёрдамини 90 кунга музлатиб қўйди. USAID раҳбарияти АҚШ Давлат департаменти назоратига ўтди.

АҚШ Давлат котиби Марко Рубио март ойида Вашингтон USAID дастурларининг 83 фоизини тўхтатганини эълон қилди.

Мавзуга оид