Жаҳон | 18:22 / 02.07.2025
2044
2 дақиқада ўқилади

КХДР Россияга 30 минг нафаргача аскар юбориши мумкин

​​​​​​​Украина резведкаси россиялик ҳарбийлар шахсий таркибни ташиш учун самолётларни қайта жиҳозлашни бошлаганини янги қўшинларни жойлаштиришга тайёргарлик белгиси сифатида қарамоқда.

Фото: AP

Шимолий Корея Россия томонида туриб Украина билан жанг қилаётган қўшинлари сонини уч баравар ошириш ниятида, деб ёзмоқда CNN. Украина разведкаси маълумотлари билан танишган телеканалга кўра, КХДР яқин ойларда Россия—Украина урушида иштирок этиш учун 25-30 минг аскарни юборади.

Қайд этилишича, «катта эҳтимол билан» Шимолий Корея қўшинлари Россия томонидан эгаллаб олинган Украина минтақаларидаги жанговар ҳаракатларда иштирок этади.

Украина резведкаси россиялик ҳарбийлар шахсий таркибни ташиш учун самолётларни қайта жиҳозлашни бошлаганини янги қўшинларни жойлаштиришга тайёргарлик белгиси сифатида қарамоқда. Шунингдек, CNN КХДРдан Россия томон йўналиш олган РФ кемалари ва юк ташувчи самолётларининг сунъий йўлдошлардан олинган суратларига эътибор қаратган.

Олдинроқ Жанубий Корея разведкаси ҳам КХДР янги қўшинларни Россияга юборишга тайёргарлик кўраётганини маълум қилганди. Таъкидланишича, Шимолий Корея қўшинлари июл ёки августда етиб келиши мумкин — Россия айни шу вақтда Украинага янги кенг кўламли ҳужумни режалаштираётган бўлиши мумкин.

КХДР ҳарбийлари 2024 йил август ойида Украина Қуролли кучлари томонидан қисман эгаллаб олинган Курск области жангларида қатнашган эди. Шимолий кореялик ҳарбийларнинг жанговар ҳаракатлардаги иштирокига оид илк хабарлар 2024 йил октябрда пайдо бўлди. Россия буни расман 2025 йилнинг апрел охирларида тан олди.

Украина расмийларининг баҳолашича, 2024 йил кузда Шимолий Корея Россияга урушда иштирок этиш учун 11 минг аскар юборган. Оқибатда уларнинг 4 мингга яқини ҳалок бўлган ёки яраланган. 1 июл куни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин Россиянинг Украинага қарши урушида ҳалок бўлган КХДР аскарлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Мавзуга оид