Жаҳон | 16:20 / 02.07.2025
3938
2 дақиқада ўқилади

Озарбойжонда рус тилидаги мактаблар ёпилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалди

Таъкидланишича, Озарбойжон мактабларида рус тилида ўқитиш уч йил ичида босқичма-босқич тўхтатилади. Расмий манбалар буни тасдиқламади, аммо инкор ҳам қилмади.

Фото: Getty images

Озарбойжоннинг Oxu нашри хабарига кўра, мамлакат ҳукумати Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви ортидан рус тилидаги мактабларни ёпишга қарор қилган. Журналистлар мактабларнинг WhatsApp чатларида тарқалган билдиришномаларга таянмоқда.

Таъкидланишича, Озарбойжон мактабларида рус тилида ўқитиш уч йил ичида босқичма-босқич тўхтатилади. «Ушбу қарор Озарбойжон тилининг асосий таълим тили сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш ва барча фуқароларни ягона таълим муҳитига интеграциялашга қаратилган», дейилади нашр хабарида.

Худди шундай қарор олий ўқув юртларида рус тилидаги таълимни тўхтатиш тўғрисида ҳам қабул қилинди, деб ёзди Oxu. Янги ўқув йилидан бошлаб ўқитиш фақат Озарбойжон ва инглиз тилларида олиб борилади, шунинг учун барча русийзабон талабалар 20 августгача Озарбойжон тилидан имтиҳон топшириши керак.

Meduza нашрининг таъкидлашича, Озарбойжондаги рус мактабларининг ёпилиши ҳақидаги маълумотлар сохта хабарларни чоп этишга ихтисослашган «Империя очень зла» сатирик Телеграм-каналида тарқалган. Тегишли эслатма 30 июн куни каналда пайдо бўлган. «Огоҳ бўлинг, сохта ва қўпол киноя бўлиши мумкин. Ёзилганлар фантастика, барчаси тасодиф», дейилади канал тавсифида.

Шунга қарамай, Россиянинг РБК агентлиги Озарбойжон таълим муассасаларидан биридаги манбадан рус мактабларининг ёпилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқлади.

Оммавий ахборот воситаларининг сўровига жавобан Озарбойжон Фан ва таълим вазирлиги мактаб ва университетларда рус тилида таълим тўхтатилиши ҳақидаги саволга жавоб бермади ва давлат таълим сиёсати ҳақидаги янгиликларни фақат расмий манбалардан излаш шартлигини эслатди.

Қайд қилинишича, айни пайтда Озарбойжонда 340 та рус тилидаги мактаб мавжуд (шундан 16 таси фақат рус тилида таълим беради). Бундай мактабларда жами 150-160 минг ўқувчи таълим олади.

Мавзуга оид