Жамият | 11:42
6284
3 дақиқада ўқилади

Божхона қўмитаси пул эвазига машиналарни Тожикистонга ўтказиб берган шахсларни фош қилди

8 нафар шахс жами 59 та машинани ҳайдаб, чегара божхона постлари орқали Тожикистонга ўтказиб берган. Улар бу хизмати эвазига ҳар бир машина учун 100-200 АҚШ доллари олган. Мазкур машиналарнинг барчаси Тожикистонга олиб ўтилиб, ноқонуний тарзда сотиб юборилган. Kun.uz айни шу жиноий схема бўйича бир нечта суриштирув эълон қилганди. 

Фото: Видеодан кадр

Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси томонидан Ўзбекистонда рўйхатдан ўтган машиналарни Тожикистонга олиб ўтиш ва ноқонуний сотиб юбориш ҳолати билан шуғулланувчи шахслар фош этилди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 1982 йилда Бухоро вилоятида туғилган фуқаро 9 дона, 1991 йил Тошкент вилоятида туғилган фуқаро 10 дона, 1998 йилда Наманган вилоятида туғилган шахс 5 дона, 1975 йилда Бухоро вилоятида туғилган фуқаро 10 дона, 2001 йилда Тошкент вилоятида туғилган шахс 2 дона, 1993 йилда Тошкент вилоятида туғилган фуқаро 6 дона, 1996 йилда туғилган фуқаро 5 дона ҳамда 1986 йилда Наманган вилоятида туғилган шахс 12 дона Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказилган машинани чегара божхона постлари орқали олиб чиқиб кетган. Машиналар “Ойбек”, “Ховособод”, “Андархон” ва “Поп” чегара божхона постлари орқали олиб чиқиб кетилган. Уларнинг барчаси BYD, Volkswagen, Kaiyi X3, Honda, Geometry, Faw ID4 русумидаги машиналар бўлган.

Шу тариқа, 8 нафар шахс жами 59 та машинанинг ҳар бири учун 100-200 АҚШ доллари ҳақ олган ҳолда Тожикистонга ўтказиб беришган. Аниқланишича, мазкур автотранспорт воситаларининг барчаси Тожикистонда ноқонуний тарзда сотиб юборилган.

“Фурсатдан фойдаланиб, шахсий автотранспорт воситаларини бошқа шахсларга ишончнома орқали беришда юртдошларимизни яна бир бор ҳушёрликка чақирамиз.

Агар ишончнома асосида берилган автотранспорт воситасини қайтариб олишда муаммоларга дуч келаётган бўлсангиз ёки автомашина Ўзбекистондан олиб чиқиб кетилгани юзасидан шубҳа ва гумонларингиз бўлса, зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади қўмита хабарида.

Қўшимча қилинишича, ҳолат юзасидан Божхона қўмитасининг Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов органига топширилган. 

Kun.uz ўтган йилнинг охирида Абдулла Абдурасулов исмли шахс кўплаб одамларнинг машинасини бўлиб тўлаш шарти билан олиб, Қозоғистонга ўтказиб сотиб юборгани ҳақида икки қисмли суриштирув эълон қилганди. Абдулла Абдурасулов машиналарни чегара божхона постларидан  олиб ўтганини “таможнидагилар соққасини берса ўтказавериши” билан изоҳлаган. Бироқ Божхона қўмитаси юзлаб машиналар “Яллама” постидан ғайриқонуний олиб ўтилишида “ходимларнинг аралашгани ҳолати аниқланмагани”ни билдирганди.

“Абдулла Абдурасулов иши”дан ярим йил ўтиб, шу каби ҳолат яна кузатилди. Бу сафар автомобиллар Қозоғистонга эмас, Тожикистонга олиб ўтиб, сотиб юборилган.

Мавзуга оид