Жаҳон | 11:49
1505
2 дақиқада ўқилади

Каллас Хитой компанияларини урушда Россияга ёрдам беришни тўхтатишга чақирди

Пекин Россия ҳарбий-саноат комплексига «барча моддий ёрдам кўрсатишни зудлик билан тўхтатиши» керак, деди Европа Иттифоқи олий вакили.

Фото: Yves Herman/REUTERS

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас Хитой компанияларини Россиянинг Украинадаги урушида Москвани қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирди, чунки бу ҳаракатлар «Европа хавфсизлигига жиддий таҳдид солади». Каллас ва Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Брюсселда Европа Иттифоқи-Хитой стратегик мулоқотининг 13-йиғилишини ўтказди, деб хабар берди Европа ташқи алоқалар хизмати (EEAS) 2 июл, чоршанба куни.

Унинг маълумотларига кўра, Каллас Пекиндан Россия ҳарбий-саноат комплекси (ҲСК)га «барча моддий ёрдамни зудлик билан тўхтатишни» ва «Украинада БМТ Низомини ҳурмат қилиш асосида тўлиқ ва сўзсиз ўт очишни тўхтатиш, адолатли ва мустаҳкам тинчлик ўрнатишни» қўллаб-қувватлашни талаб қилган.

Европа дипломатияси раҳбари, шунингдек, Хитойни Европа Иттифоқи билан иқтисодий муносабатлар мувозанатини тиклашга ва ўзаро бозорга киришни яхшилашга чақирди. Бундан ташқари, Хитой «Европа компаниялари учун жиддий хавф туғдирадиган ва глобал таъминот занжирларининг ишончлилигига таҳдид соладиган ноёб металлар экспортидаги чекловларни» тўхтатиши керак, деб ҳисоблайди Европа Иттифоқи олий вакили.

24—25 июл кунлари Пекинда Европа Иттифоқи-Хитой саммити ўтказилиши режалаштирилган бўлиб, унда Брюссел ва Пекин дипломатик муносабатларнинг 50 йиллигини нишонлайди.

Мавзуга оид