Ўзбекистон | 16:09
1500
2 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев Бокуда Ҳайдар Алиев ва Озарбойжон қаҳрамонлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди

Давлат ташрифининг иккинчи кунида озарбойжонлик қаҳрамонлар ёд этилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Озарбойжонга давлат ташрифининг иккинчи кунида Боку шаҳрида Озарбойжон халқининг умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев мангу қўним топган Фахр хиёбонига ташриф буюрди.

Президент Ҳайдар Алиев қабрига гул қўйиб, Озарбойжоннинг давлат ва сиёсат арбоби хотирасига эҳтиром кўрсатди.

Ҳайдар Алиев 1993-2003 йилларда Озарбойжон президенти бўлган. У амалдаги давлат раҳбарининг отаси. Унинг давлат қурилиши ва миллий суверенитетни мустаҳкамлашга қўшган ҳиссаси Озарбойжон тарихида алоҳида ўрин тутади.

Ўзбекистонда Ҳайдар Алиевни қардош давлатлар ўртасидаги дўстлик алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга катта аҳамият берган давлат арбоби сифатида ҳурмат қилинади.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Боку шаҳридаги Ғалаба боғига ташриф буюрди.

Ўзбекистон етакчиси Ғалаба кунига бағишланган ёдгорлик пойига гул қўйиб, Озарбойжон ватанпарварлари хотирасига ҳурмат бажо келтирди.

Озарбойжон пойтахти марказида жойлашган ушбу замонавий ёдгорлик мажмуаси мамлакат озодлиги ва ҳудудий яхлитлиги йўлида қурбон бўлган миллий қаҳрамонлар хотирасини абадийлаштириш мақсадида бунёд этилган.

Мавзуга оид