Жамият | 15:02
2450
2 дақиқада ўқилади

Тenge Bankʼдан 90 минг АҚШ долларини талон-тарож қилган шахслар қўлга олинди

Фирибгарлар посттерминалга ёлғон ахборот киритиш йўли билан Тenge Bankʼдан  90 000 АҚШ доллари миқдоридаги пулни ўғирлашган. Ушбу жиноий иш доирасида 9 киши қўлга олинди.

Фото: ИИВ

Тошкент шаҳридаги банкдан 90 минг АҚШ долларини ноқонуний равишда олиб чиқиб кетган жиноий гуруҳ Ички ишлар ходимлари томонидан қўлга олинди, дея хабар берди ИИВ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, жорий йилнинг 18 июн куни Яшнобод тумани Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига Тenge Bank  чакана хизматлар кўрсатиш бўлими бошлиғи ариза билан мурожаат қилган.

У ўз аризасида номаълум шахслар томонидан 90 000 АҚШ доллари миқдорида пул маблағлари талон-торож қилинганлигини маълум қилган. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида шу куннинг ўзида бир неча шахслар банк кассасига мижоз сифатида ташриф буюриб, банк картасида мавжуд 90 000 АҚШ долларини нақдлаштириш мақсадида посттерминалга ёлғон ахборот киритиш йўли билан ушбу миқдордаги пулни олиб кетганлиги аниқланган.

Тезкор-техник тадбирлар натижасида ушбу хатти-ҳаракатларни содир этган жиноий гуруҳнинг барча аъзолари қўлга олинган.

«Мен бир йил олдин ҳар хил Telegram гуруҳларига кириб қолиб, хитойлик одамлар билан гаплашганман ва улардан жиноий ишга тортиладиган ҳар хил махинация ва мошенниклик билан шуғулланадиган гуруҳларда программаларни кўриб, уларни тест қилиб, ҳар хил магазинларга кириб, уларни текшириб кўриб, планга ўтдим. Банк ходимини топдим. Банк ходими билан келишган ҳолда, бизлар банкка кириб, 90 000 АҚШ долларини программа орқали ечиб олдик. Мен қилган ишимдан жуда ҳам пушаймонман, сизлар ҳам унақа жойларга кирманглар, енгил пул ҳеч қачон ҳеч қаерда бўлмайди», - дейди қўлга олинган шахслардан бири.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида 12 дона телефон аппарати, посттерминал, 9 дона банк картаси, 1 670 000 сўм ва 36 495 АҚШ доллари ашёвий далил сифатида олинган. Жами 9 нафар шахс Жиноий-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.

Мавзуга оид