Жаҳон | 17:11
1406
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Корея прокуратураси собиқ президентни яна ҳибсга олишни сўрамоқда

Махсус прокуратура томонидан Юн Сок Ёлни ҳибсга олиш учун ордер сўрови юборилган. Жанубий Корея собиқ президенти 7 мартда ҳибсдан озод этилган эди.

Фото: Рамиль Ситдиков/ РИА Новости

Жанубий Кореяда 2024 йил декабр ойида жорий этилган ҳарбий ҳолат ишини тергов қилаётган махсус прокуратура собиқ президент Юк Сок Ёлни ҳибсга олиш учун ордер сўради, деб ёзади Yonhap агентлиги. Суд 7 март куни уни ҳибсдан озод этганди.

Ордер олиш учун сўров юборилганини махсус прокурор Пак Жи Ён брифинг давомида маълум қилди. Унинг қўшимча қилишича, ишга оид тафсилотлар суд йиғилишида ошкор этилади. Махсус прокуратура май ойида ҳам собиқ президентни ҳибсга олиш учун ордер сўраган, бироқ у рад этилган эди.

2024 йил декабрда Юн Сок Ёл мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий этди, натижада унга нисбатан импичмент эълон қилинди. Собиқ президент исён ташкиллаштиришда айбланди ва январ ойида ҳибсга юборилди. Март ойида Сеул суди Юн Сок Ёлни ҳибсдан озод этди, аммо исён иши ҳали ҳам кўриб чиқилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Жанубий Кореяда президентлик сайловлари муддатидан олдин ўтказилди. Унда мухолиф «Тобуро» демократик партияси номзоди Ли Чжэ Мён ғалаба қозониб, Жанубий Кореянинг янги президентига айланди.

Мавзуга оид