Ўзбекистон аёллар миллий жамоаси 23 йиллик танаффусдан сўнг Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритди
Саралашда Непал билан барча кўрсаткичлар тенг бўлиб қолгани сабаб йўлланма эгаси пеналтилар сериясида аниқланди.

Фото: ЎФА
Осиё кубоги саралаши. «Ф» гуруҳи, 3-тур
Ўзбекистон – Непал 3:3 (пен. 4:2)
Голлар: Диёрахон Ҳабибуллаева, 3 (1:0), Людмила Карачик, 10 (2:0), Мафтуна Шойимова, пен. 39 (3:1) – Сабитра Бҳандари, 24 (2:1), 71 (3:2), 73 (3:3).
Ўзбекистон: Жонимқулова, Қудратова, Қўчқорова, Оранийозова, Турдибоева, Маматкаримова (Дадабоева, 54), Зоирова, Шойимова, Карачик, Ҳабибуллаева, Эргашев.
Непал: Магар, Гхимире, Рана, Тҳокар, Рана, Магар, Нагаркоте (Лимбу, 90), Баснет (Поудел, 60), Ҳамал, Бҳандари, Гхисинг (Анита, 60).
Четлатиш: Эргашева, 45+4 (Ўзбекистон).
Осиё кубоги саралаш босқичидан ўрин олган ҳал қилувчи баҳсда Ўзбекистон аёллар жамоаси Непалга қарши майдонга тушди.
Ўзбекистон учрашувни яхши бошлаб, 10-дақиқага келиб иккита гол уришга муваффақ бўлишди. 24-дақиқада эса рақиб жавоб тўпини киритди. 39-дақиқада Мафтуна Шойимова пеналтидан унумли фойдаланиб, ҳисобдаги фарқни яна иккитага етказди.
Аммо биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда Эргашева қизил карточка олиб, жамоадошларини қийин аҳволга тушириб қўйди.
Натижада непалликлар иккинчи бўлим давомида иккита гол уриб, ҳисобни тенглаштирди.
Ўйинда дуранг натижа сақланиб қолди ва саралаш ўйинлари якунларига кўра, гуруҳда ҳар икки жамоанинг тўплаган очколари ва тўплар нисбати (20:3) бир хил бўлиб қолди.
Гуруҳ босқичининг биринчи ўйинида ўзбекистонликлар Шри-Ланкани 10:0 ҳисобида тор-мор этган, кейин Лаос устидан ишончли ғалабага эришганди – 7:0. Непал ҳам ушбу жамоаларни йирик ҳисобларда мағлуб этган – 9:0 ва 8:0. Натижада гуруҳ пешқадамлари босқични очколар ва тўплар нисбати бўйича бир хил кўрсаткичлар билан якунлашди ва йўлланма тақдири пеналтилар сериясида аниқланадиган бўлди.
Серияда Ўзбекистон вакиллари барча зарбаларни аниқ бажарди, рақибларнинг биринчи зарбаси устунга тегди, тўртинчисини дарвозабон тўсди – 4:2.
Шу тариқа, Ўзбекистон аёллар жамоаси 2000 йилдан буён, 23 йиллик танаффусдан сўнг Осиё кубоги йўлланмасини қўлга киритди.
Турнир 2026 йилнинг 1-21 март кунларида Австралияда бўлиб ўтади.
Саралашда жами 34 жамоа иштирок этди, финал босқичида 12 жамоа бош соврин учун курашади. Турнир мезбонлари – Австралиядан ташқари, олдинги турнирдаги юқори натижалари эвазига Хитой, Япония ва Жанубий Корея тўғридан тўғри йўлланмага эга бўлган.
Саралаш 2027 йилги аёллар жаҳон чемпионати ва 2028 йилги Олимпиада учун ҳам Осиёдаги квалификациянинг биринчи босқичи вазифасини ўтайди.
Мавзуга оид

23:22 / 21.04.2025
Осиё кубоги ғолиблари тантанали кутиб олинди — фото

15:51 / 21.04.2025
Президент ўсмирлар ўртасидаги Осиё кубоги ғолибларини унвон ва медаллар билан тақдирлади

11:57 / 21.04.2025
Жаҳон чемпионатида муносиб иштирок этасиз, деб ишонаман — Шавкат Мирзиёев Осиё чемпионларини табриклади

00:22 / 10.04.2025