Жаҳон | 20:08 / 06.07.2025
5141
4 дақиқада ўқилади

Россия Украинага ракета ва дронлар билан ҳужум қилишда давом этди

Кременчугда ҳарбий комиссариат биноси, Миколайивда – кўп қаватли уй зарбага учраган.

Vladyslav Sodel / Reuters / Scanpix / LETA

Россия қуролли кучлари 6 июлга ўтар кечаси дронлар ва ракеталардан фойдаланган ҳолда Украина ҳудудларига ҳужум қилди. Украина қуролли кучлари ҳарбий-ҳаво кучлари маълумотига кўра, эрталаб соат 08:30 гача Россия ҳарбийлари Украинага 157 та дрон (зарбдор «Shaheed»лардан ташқари имитатор дронлар билан ҳам), шунингдек, С-300 комплексининг тўртта ракетасини учирган. Украина ҳарбийлари 117 та дронни зарарсизлантирган. 19 та нуқтада учувчисиз учиш аппаратлари зарбалари қайд этилган, бундан ташқари, иккита жойга уриб туширилган дронлар парчалари тушган. Украина қуролли кучлари зарбалар оқибатлари ҳақида ҳисобот берганидан кейин ҳам Россия ҳужуми давом этди.

Харкив области. Украина полицияси Харкив областига ҳужум оқибатида камида икки киши ҳалок бўлиб, 11 киши яралангани ҳақида хабар берган. Дронлар тунда Харкивнинг бир неча районлари, шунингдек област шарқидаги Купянск районига ҳужум қилган, фуқаролик корхонаси, спорт комплекси биноси ҳамда турар жойга зарбалар келиб тушган. Богодуховский районидаги Одноробовка қишлоғида автомобилга зарба оқибатида саккиз ёшли бола ҳалок бўлиб, тўрт ёшли бола ҳамда 40 ёшли эркак яраланган, 36 аёлда стрессга ўткир реакция қайд этилган. Полиция регионга ҳужум оқибатлари акс этган фотосуратларни эълон қилган.

Полтава области. Украина қуролли кучлари қуруқликдаги қўшинлари маълумотига кўра, Россия дрони эрталаб соат 09:35 да Полтава областидаги Кременчуг шаҳрига ҳужум қилиб, ҳудудий тўлдириш ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш маркази (ҳарбий комиссариат муқобили) биносига зарба берган. Шунингдек, яқин атрофдаги уй ҳам зарбага учраган. Ҳарбийлар ва комиссариат ходимлари орасида жабрланганлар ва ҳалок бўлганлар йўқ, дея маълум қилди қуруқликдаги қўшинлар қўмондонлиги. Полтава области маъмурияти маълум қилишича, Россия ҳужуми оқибатида Кременчуг районидаги уйлардан бирида ёнғин чиққан. Кременчугга берилган зарба оқибатлари акс этган суратларни маҳаллий журналист Олег Булашев эълон қилди. «Труха» телеграм-канали ҳужумдан кейин Кременчугда олинган видеони тарқатди, унда бир қаватли бинода ёнғин чиққанини кўриш мумкин.

Миколайив области. Россия дронлари 6 июлга ўтар кечаси Миколайив области ва шу номдаги област марказига зарба берди, деб хабар қилди ҳудуд маъмурияти раҳбари Виталий Ким. Унинг сўзларига кўра, Миколайивда порт инфратузилмаси зарбага учраган, омборлар ва электр тармоқлари шикастланган, жабрланганлар йўқ. Миколайив районидаги Рибаковка қишлоғида 13 та хусусий уй, бир нечта дам олиш масканлари, почта бўлими, дўкон, электр узатиш линияси шикастланган. Ҳеч ким жабрланмаган. Аҳолининг бир қисми электрсиз қолди. Бундан ташқари, дронлар 6 июл куни эрталаб соат 09:23 дан 09:40 гача Миколайив шаҳрига ҳужум қилган. Ўнта турар жой биноси, овқатланиш шохобчалари ва банк зарбага учраган. Ҳужум оқибатида икки киши жароҳатланган. Виталий Ким эрталабки ҳужум оқибатлари акс этган суратларни эълон қилди.

Киев области. Киев областининг Вишгород районида Россия дронлари ҳужуми оқибатида уч киши жабрланди, деди ҳудуд маъмурияти раҳбари Микола Калашник. Иккита кўп қаватли уй ва болалар боғчаси шикастланган. Ёнғин оқибатида тўртта гараж вайрон бўлган, учта автомобилга зарар етган. Шунингдек, омборда ёнғин содир бўлган. Олтита хусусий уй ва хўжалик биноларига зарар етган. Калашник ва Украина Фавқулодда вазиятлар давлат хизмати Киев областига уюштирилган ҳужум оқибатлари акс этган кадрларни эълон қилди.

Запорижжя области. Россия ҳарбийлари Запорижжя шаҳри ва шу номли районга дронлар билан ҳужум қилди, деди област маъмурияти раҳбари Иван Федоров. Учта кўп қаватли бино, хусусий уй, корхона, фермер хўжалиги, омборхона шикастланган. Бир неча жойда ёнғинлар содир бўлган. Запорижжя районида 89 ёшли аёл яраланган.

Мавзуга оид