Жаҳон | 20:58 / 08.07.2025
1776
3 дақиқада ўқилади

Россия USAID муқобилини ташкил қилмоқчи

Россия Ташқи ишлар вазирлиги халқаро тараққиётга кўмаклашиш агентлиги тўғрисида федерал қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

Фото: AFP/Getty Images

«Россотрудничество» раҳбари Евгений Примаков Россиянинг халқаро тараққиётга кўмаклашиш агентлигини — Американинг USAID ташкилоти муқобилини ташкил қилишни режалаштираётганини айтди.

Примаковнинг қайд этишича, Россиядаги USAID муқобили тезкорлик муаммосини ҳал қилиши керак. Унинг сўзларига кўра, ҳозир Россиянинг хориждаги ҳар қандай лойиҳаси учун «ҳукуматнинг алоҳида қарори чиқарилиши керак». «Россотрудничество» раҳбари яқин хорижнинг ҳам муҳимлигини таъкидлаб, шундай деди:

«Агар биз тўсатдан, масалан, Люксембургда ўз таъсиримизни йўқота бошласак, қандайдир йўл билан буни ҳал қиламиз. Аммо агар биз яқин хориж мамлакатларида таъсиримизни йўқота бошласак - афсуски, ҳозир бу рўй бермоқда - бу ҳалокатли бўлади».

Примаков сўзларига кўра, Ташқи ишлар вазирлиги халқаро тараққиётга кўмаклашиш агентлиги тўғрисида федерал қонун лойиҳасини ишлаб чиқмоқда.

«Россотрудничество ташкилотининг бюджети тахминан 5,5 миллиард рублни ташкил этади, шундан тахминан 25 фоизи лойиҳалар учун ажратилади. Таққослаш учун: USAID бюджети 50 миллиард доллардан ортиқ бўлган ва агентлик дунёнинг 100 дан ортиқ мамлакатларида ишлаган. USAID 1961 йилда ташкил этилган ва демократия, соғлиқни сақлаш, таълим ва иқтисодий ривожланиш соҳасидаги дастурларни амалга оширувчи Америка ташқи сиёсатининг асосий воситаларидан бирига айланди.

USAID Россияда 1992 йилдан буён фаолият юритиб келган, бироқ 2012 йил октябр ойида Россия ҳукумати уни «грантлар тақсимлаш орқали сиёсий жараёнларга, жумладан, турли даражадаги сайловларга ва фуқаролик жамияти институтларига таъсир кўрсатишга уринишларда» айблаб, фаолиятини тўхтатишни талаб қилган.

2025 йил март ойида АҚШ Давлат котиби Марко Рубио USAID дастурининг 83 фоизи ёпилишини эълон қилди. Агентликнинг Вашингтондаги бош қароргоҳи ёпилди. АҚШ янги маъмурияти бу қарорни маблағларнинг самарасиз сарфланиши ва ташқи сиёсат устуворликларини қайта кўриб чиқиш зарурати билан изоҳлади.

Аввалроқ, Қирғизистондаги «Русский дом» («Россотрудничество» ваколатхонаси) ходими Россия армиясига ноқонуний ёллаш билан шуғулланганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди.

2025 йил февралида Озарбойжонда «Россотрудничество» ваколатхонаси фаолияти тўхтатилди. Расмийлар буни ташқи ёрдамга муҳтож эмаслиги билан изоҳлади, айниқса, «агар у ноаниқ схемалар асосида ва тузилмаси аниқ разведка характерига эга бўлган ташкилотлар орқали тақдим этилса».

Мавзуга оид