Ўзбекистон | 19:31
13437
2 дақиқада ўқилади

Урганчда икки ўсмир кўп қаватли уй томидан қулаб ҳалок бўлди

Қизлар 15 ва 16 ёшда бўлган. Улар янги қурилган кўп қаватли уй томига энг юқори қаватдаги очиқ қолдирилган туйнук орқали чиқишган. Қурилиш фирмаси бу туйнукни нега очиқ қолдиргани маълум эмас. Бош прокуратура қизлар ўз жонига қасд қилганини билдирди.

Фото: Бош прокуратура

Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 2 нафар вояга етмаган қиз кўп қаватли уй томидан пастга қулади. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди. Уларнинг ҳар иккиси воқеа жойида ҳалок бўлган.

Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат кеча, 7 июл куни содир бўлган. Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ навбатчилик қисмига соат 8:15 ларда шаҳарнинг Нурли ҳаёт кўчасидаги 7 қаватли уйнинг томидан икки фуқаро ўзини пастга ташлаб, вафот этгани ҳақида хабар келиб тушган.

“Ўтказилган текширувда ўз жонига қасд қилганлар 2009 йилда туғилган Д.С. ва 2010 йилда туғилган С.Б. экани аниқланган. Ҳозирда ҳолат юзасидан Урганч шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда” дейилади Бош прокуратура маълумотида.

Kun.uz манбасига кўра, вояга етмаган қизлар кўп қаватли уй томига энг юқори қаватдаги туйнук орқали чиқишган. Ушбу туйнук очиқ ҳолатда бўлган. Шунингдек, таҳририятга келиб тушган видеолавҳада ҳали тўлиқ фойдаланишга топширилмаган, бироқ одамлар кўчиб келиб яшай бошлаган кўп қаватли уйнинг лифт шахтаси ҳам хавфли тарзда очиқ ҳолда турганини, унга ҳали лифт ўрнатилмаганини кўриш мумкин.

Ушбу кўп қаватли уй қайси қурилиш фирмаси томонидан қурилгани ҳамда томга чиқиш туйнуги ва лифт шахтаси нега бундай хавфли қолдирилгани Kun.uzʼга маълум эмас. 

Мавзуга оид