Жаҳон | 23:09 / 09.07.2025
1152
2 дақиқада ўқилади

Эстония Россияга қарши санкцияларнинг 18-пакетини блоклаш билан таҳдид қилди

Еврокомиссия РФга қарши санкцияларнинг навбатдаги пакетини тайёрлаган. Эстония унга Россия нефти учун белгиланган энг юқори нархни тушириш банди киритилишини талаб қилмоқда.

Фото: ТАСС

Эстония агар Россияга қарши санкцияларнинг янги, 18-пакетига РФ нефти учун белгиланган энг юқори нархни тушириш талаби киритилмаса, унга вето қўйиши мумкин.

«Бизнинг позициямиз аниқ: нефтнинг максимал нархини тушириш ушбу пакетга киритилиши керак. Бу масалада биз жуда қатъий позициядамиз», — дейди мамлакат ТИВ раҳбари Маргус Цахкна.

Еврокомиссия томонидан таклиф этилган янги санкциялар пакетининг дастлабки лойиҳасида нефт нархи бир баррели учун 60 доллардан 45 долларга туширилиши қайд этилганди. Аммо иқтисодиёти денгиз ташувларига боғлиқ бўлган давлатлар, биринчи навбатда Малта, ушбу банднинг киритилишига қарши чиқди.

Цахкнанинг таъкидлашича, айнан нефт учун белгиланган максимал нархнинг туширилиши янги санкциялар пакетидаги нисбатан жиддий банд ҳисобланади.

Еврокомиссия санкцияларнинг 18-пакетини июн бошларида тайёрлаб қўйганди. Таклифлар қаторидан, шунингдек, «Шимолий оқим» газ қувурларига, жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиш билан шуғулланаётган банклар ва Россия ҳарбий саноатига ҳам санкциялар қўллаш ўрин олган.

Пакетнинг дастлабки вариантини июн охирларида Венгрия ва Словакия блоклаб қўйганди — ушбу мамлакатлар мунтазам равишда РФга қарши санкциялар кучайтирилишига қарши чиқиб келади. Ҳозирда янги пакет бўйича музокаралар давом этмоқда.

Мавзуга оид