Жаҳон | 12:20
2970
4 дақиқада ўқилади

«Ғазо бу — фожиа»: Трамп ва Нетаняҳу Ғазо масаласида махфий учрашув ўтказди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу АҚШ президенти Доналд Трамп билан сешанба оқшомида ўтказган режадан ташқари учрашув тахминан бир соат давом этган ва унга ОАВ вакиллари киритилмаган. Учрашув тафсилотлари ҳақида «жуда кам маълумот» чиққани эса сулҳ бўйича қандайдир тўсиқ юзага келганига ишора бўлиши мумкин. Маълумотларга кўра, Трамп–Нетаняҳу учрашувидан аввал Оқ уйга Қатардан делегация келиб кетган.

Доналд Трампнинг вице-президент Вэнс ва Нетаняҳу билан алоҳида учрашуви / Фото: Исроил ҳукумат матбуот хизмати

Нетаняҳу учрашув «Ғазода гаровга олинганларни озод қилиш бўйича ҳаракатларга қаратилганини айтди ва «Ҳамас» ҳаракатининг ҳарбий ва сиёсий имкониятларини йўқ қилишдаги қатъийлигини таъкидлади.

Reutersʼнинг ёзишича, Трамп Нетаняҳу билан сешанба куни икки кун ичида иккинчи марта учрашди. Суҳбат Ғазодаги вазиятга бағишланди. Шу билан бирга, АҚШнинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Исроил ва Ҳамас деярли икки йилдан бери давом этаётган урушдан сўнг сулҳ битимига яқинлашаётганини билдирди.

Al-Jazeera нашрига кўра, сешанба оқшомида ўтказилган режадан ташқари ушбу учрашув тахминан бир соат давом этди, оммавий ахборот воситаларига киришга рухсат берилмади. Учрашув айни пайтда Исроил кучлари Ғазода камида 95 нафар фаластинликни ўлдирган паллада бўлиб ўтди.

Сешанба кунги музокаралар олдидан Трамп Нетаняҳу билан «деярли тўлиқ Ғазо бўйича» гаплашишини билдирган эди.

«Бу муаммони ҳал қилишимиз керак. Ғазо бу — фожиа. У (Нетаняҳу) бу муаммони ҳал қилмоқчи, мен ҳам хоҳлайман, деб ўйлайман. Ва менимча, бошқа томон ҳам хоҳлайди», - дея Трампнинг сўзларини келтирмоқда нашр.

Al-Jazeera мухбири Майк Ханна сўзларига кўра, сўнгги учрашувдан «жуда кам маълумот» чиққан, шунинг учун вазиятни тушуниш қийин бўлмоқда.

«Аммо бу даражада махфий ўтказилгани, музокаралар тафсилотлари бўйича аниқ баёнот берилмагани ва учрашув бор-йўғи бир соат давом этгани — буларнинг барчаси шуни кўрсатиши мумкин: қандайдир тўсиқ юзага келган. Бу ҳолатда сўнгги 24 соат ичида икки лидер томонидан ифодаланган оптимистик кайфиятни булут қоплаган бўлиши мумкин», - дейди Ханна.

Axios нашрининг ёзишича, сешанба куни Нетаняҳу етиб келишидан аввал Қатар делегацияси Оқ уйда юқори мартабали расмийлар билан учрашган.

Трамп Нетаняҳу билан учрашувидан бироз олдин унинг Яқин Шарқ бўйича махсус вакили Стив Уиткофф Ғазо бўйича ўт очишни тўхтатиш келишуви деярли тайёр эканини ва ҳафтанинг охиригача келишувга эришишга умид қилаётганини айтди.

Унинг сўзларига кўра, Исроил ва Ҳамасни тўхтатиб турган муаммолар тўрттадан биттага тушган. «Умид қиламизки, ҳафта охиригача 60 кунлик ўт очмаслик сулҳи бўйича келишувга эришамиз. 10 нафар гаровдаги одам тирик ҳолда озод қилинади, 9 нафар жасад топширилади», - деган Уиткофф журналистларга.

Ҳозирча ҳал этилмаган ягона муаммо — Исроил мудофаа кучлари Ғазодан қайси чизиққача чекиниши кераклиги масаласи.

Манбаларга кўра, душанба ва сешанба кунлари томонлар IDF қайта жойлашиш хариталарини муҳокама қилган. Ҳамас сўнгги сулҳ бузилишидан (март ойи) аввалги чизиқларгача чекинишни талаб қилмоқда, Исроил бу талабни рад этмоқда.

Аммо Нетаняҳу бу сўзлардан сўнг АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон билан учрашувда шундай деди:

«Ғазодаги ишимиз ҳали тугамаган. Барча гаровдагиларни озод қилишимиз, Ҳамаснинг ҳарбий ва сиёсий имкониятларини йўқ қилишимиз керак», - деди у. «Сулҳ бўйича музокаралар, албатта, давом этмоқда».

Фото: X / @SpeakerJohnson

Исроил ОАВлари Нетаняҳу Трампдан Ғазо бўйича келишувга эришиш учун «жиддий босим» остида қолганини хабар қилмоқда. Шунингдек, Трамп вакили Уиткоффнинг Дохага учиш режасида кечикиш юзага келгани ҳақида хабарлар бор. Бу эса аввалига оптимистик баёнотлар берган Уиткофф позициясининг ўзгаришига сабаб бўлган.

Мавзуга оид