Жаҳон | 23:17 / 09.07.2025
3805
8 дақиқада ўқилади

Россия фронтда муҳим ютуқларга эришди, Путин Трампга узил-кесил йўқ деди — “Геосиёсат”

Ёзги юриш бошланганидан бери Россия Украинанинг 500 км кв дан ортиқ ҳудудини эгаллаб олди. Пентагон Украинага қурол етказишда танаффус эълон қилгач, Трамп Киевга асосан мудофаа қуролларини юборишни ваъда бермоқда. Урушнинг сўнгги ҳафталари жамланма таҳлили – Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Абдували Сойибназаров: Мана шу ёз фаслидан бошлаб Россиянинг фронтдаги фаоллиги анча ошди. Бу ҳолатни Россиянинг дронлардан кенг фойдаланаётгани ва дрон ишлаб чиқариш ҳамда уни такомиллаштириш бўйича олиб бораётган сиёсати натижаси сифатида кўриш мумкин.

Россия асосан учта: Покровск, Торецк ва Купянск йўналишларига катта эътибор қаратаётганига бир қанча мақсад ва сабаблар бор деб ўйлайман.

Аввало, бу йўналишлар устувор аҳамиятга эга, чунки бу ерда муҳим транспорт узеллари жойлашган. Асосий мақсад – душманнинг логистика тизимини издан чиқариш ва кейинги ҳужумлар учун плацдарм яратиш бўлиши мумкин.

Шунингдек, бу ердаги ҳаракатлар чалғитувчи манёвр бўлиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Яъни Россия фронтда асосий эътиборини айнан шу йўналишларга қаратаётгандек кўрсатиб, Украина қўшинларининг катта қисмини – захира бўлинмаларини, фронтнинг бошқа қисмларидан ушбу нуқталарга жалб қилишга мажбур этмоқчи. Бу эса Украина учун бошқа йўналишларда мураккаб вазиятни юзага келтириши мумкин.

Шуҳрат Расул: Менинг назаримда, юқорида айтилган учта ҳужум йўналишининг барчаси – Донбасс вилоятида жойлашган. Ҳужум тахминан 15 май атрофида бошланган эди ва энди салкам икки ой бўлмоқда. Дастлабки ҳужумлар янги вилоятларга – Суми ва Харкив вилоятларига қаратилган эди. Лекин шу икки ойлик ҳужум натижасида Россия бирор сезиларли натижага эриша олмади.

Менимча, бугунги кунда Россия бош қўмондонлиги «пайпаслаш тактикаси»ни қўллаяпти. Қаерда сал устунликка эришса, ёки украин мудофаасида камчиликлар кузатилса, айнан ўша нуқтага зарба бериляпти. Аммо, менимча, руслар бу ҳаракатларида жиддий, стратегик фикрлаш билан иш тутмаяпти. Чунки шу салкам тўрт йиллик уруш шуни кўрсатдики, Россия–Украина уруши XX аср урушларидан фарқли равишда кечмоқда.

XX аср урушларидаги асосий тактикалар бугунги реал шароитда ўзини оқламаяпти. Масалан, ўтган аср урушларида фронтнинг тор участкасига – 5 километрга битта-иккита дивизия тўпланиб, у ер ёриб ўтилар, кейин эса захирадаги қўшинлар ҳужумни давом эттирар эди. Совет армияси уставига кўра, ҳужумнинг кунлик темпи 25-30 кмни ташкил этиши керак эди.

Бироқ бугунги Россия–Украина урушида бундай ҳолатни кўрмаяпмиз. Энди фронт чизиғи ўртасида ҳаракатланаётган ҳар қандай техника ёки аскар 8-10 дақиқа ичида дронлар ҳужумига учраяпти. Америкадаги Урушни тадқиқ қилиш институти ҳисоб-китобларига кўра, агар шу темпда уруш давом этса, Россияга Украинани тўлиқ босиб олиш учун 261 йил керак бўлади.

Ойбек Сирожов: Ўтган уч йиллик уруш тарихи шуни кўрсатмоқдаки, маълум бир позицияларни эгаллаш катта қурбонлар эвазига амалга оширилмоқда. Масалан, Бахмутнинг қўлга киритилиши бунга яққол мисол. Шу нуқтайи назардан бу урушни «позицион уруш» деб аташ тўғри эмас, балки бу – «ҳолдан тойдирувчи уруш».

Юқорида таъкидлаб ўтилганидек, стратегик ҳудудлар фронт чизиғи ёриб ўтилган қисқа вақтларда эгаллаб олинган ва у пайтда уларни тўсиб қоладиган жиддий кучлар мавжуд эмас эди. Аммо бугунги кунда замонавий қуроллар, айниқса, дронлар туфайли, ҳар қандай ёриб ўтилган қўшинлар ҳам қисқа вақт ичида бутунлай йўқ қилиб юборилиши мумкин. Бу имконият иккала томонда ҳам мавжуд.

Сўнгги пайтда уруш асосан дронлар орқали олиб бориляпти. Шу боис ҳар икки томон ҳам дронларни кўпроқ ишлаб чиқаришга жиддий эътибор қаратаяпти. Менинг фикримча, энди икки томон учун асосий вазифа –ана шу дронларни уриб туширадиган ёки уларнинг ҳаракатини чеклайдиган қарши тизим яратиш ҳисобланади. Қайси томон бу тизимни биринчи бўлиб ярата олса, урушда туб бурилиш ясаши мумкин.

Бу йўналишда ҳам икки томон жадал изланишлар олиб боряпти. Мана, куни кеча Трамп ва Зеленский ўртасидаги учрашувда Трамп Зеленскийнинг фикрларини мақтар экан, «менга ёқадиган ғоялар айтди», дея таъкидлади. Зеленскийнинг сўзларига қараганда, АҚШнинг бир нечта компаниялари билан икки асосий йўналишда ҳамкорлик қилинмоқда:

1. Узоқ масофага учувчи дронларни Украинадан ташқари ҳудудларда ишлаб чиқариш.

2. Дронларга қарши тизимларни яратиш.

Зеленскийга кўра, бу изланишлар яқин икки-уч ой ичида амалий натижа беришни бошлаши мумкин.

Камолиддин Раббимов: Сайлов кампанияси даврида, яъни ҳокимиятга келаётган пайтда Доналд Трампнинг ташқи сиёсатдаги энг муҳим вазифаларидан бири – урушни бир кунда тўхтатиш эди. Демак, Путин билан келишув ва урушни тўхтатиш масаласида Трампнинг муносабати 180 градусга ўзгарганини кўриш мумкин.

Яқиндаги охирги телефон орқали суҳбатларда Путин шундай деди: “Менинг урушни тўхтатиш ниятим йўқ, олдимизга қўйилган вазифага барибир эришамиз”. Яъни Украина стратегик жиҳатдан Россияга бўйсундирилиши керак, деган фикрни билдирди.

Бу мураккаб геосиёсий жараёнда тўртта асосий субъект бор: Америка Қўшма Штатлари, Европа Иттифоқи, Украина, Россия.

Россиянинг асосий интилиши – вақт ўтиши билан Украина тўлиқ ҳолсизланишига умид қилиш. Кремлга яқин сиёсатчиларнинг фикрига қарасак, улар шундай дейишмоқда: Украинада стратегик имконият йўқ, мудофаа тизими албатта қулайди – улар шу кунни кутишмоқда.

Европа Иттифоқи эса, аксинча, Украинага имкон қадар кучли ва доимий ёрдам бериш позициясини ушлаб турибди.

Доналд Трампда эса икки қарама-қарши нуқта мавжуд. Биринчиси – Украинага катта ёрдам бериш. Иккинчиси – Россия, аниқроғи, Путин билан келишувга эришиш.

Бироқ бугунги воқелик шуни кўрсатмоқдаки, Путин билан келишувга нуқта қўйилди. Яъни Путин билан келишишнинг иложи йўқ. У босқичма-босқич, Трампнинг жаҳлини чиқармасдан, охирги нуқтага – «биз келишмаймиз, биз Украинани босиб оламиз», деган нуқтага етказди.

Трампнинг Украинага ёрдам бериш борасидаги позицияси эса ҳали Ғарбий Европа ёки Украина кутган даражага етгани йўқ. Аммо менимча, у ҳам босқичма-босқич ана шу нуқтага етади. Чунки Европа Иттифоқи Украинага ёрдам беришни тўхтатмайди.

Қизиқ томони шундаки, АҚШ сенаторлари Линдси Грэм ва Ричард Блументал томонидан тайёрланган санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳаси ҳозир Конгрессда муҳокама қилинмоқда. Унга кўра, Россия билан савдо қилаётган давлатларга нисбатан 500 фоизлик бож жорий қилиниши кўзда тутилмоқда.

Россиянинг ички ресурслари ва умумий вазияти жуда ачинарли. Чунки Украина билан уруш давомида у ҳатто Эронга кутилган ёрдамни ҳам тақдим эта олмади.

Суҳбатни тўлиқ шаклда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид