Ўзбекистон | 23:11 / 09.07.2025
1873
5 дақиқада ўқилади

Шавкат Мирзиёев 15-20 дақиқа тирбандликда қолиб кетди, Фарҳод бозорида товламачилик билан шуғулланган жиноий гуруҳ аъзолари ушланди — маҳаллий дайжест

Фарҳод «запчаст» бозорида жиноий гуруҳ аъзолари ушланди. Ўзбекистонда эрта никоҳ учун жавобгарлик кучайтирилади. Президент Ўзбекистондаги ЙТҲлар ҳақида гапириб, тирбандликда қолиб кетганини айтди. Россия Ўзбекистонда рус тилини тарғиб қилиш бўйича тадқиқот олиб боради. Кун давомида Kun.uz ёритган шу ва бошқа муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Фарҳод «запчаст» бозорида жиноий гуруҳ аъзолари ушланди

Тошкент шаҳри Учтепа туманининг Фарҳод кўчасида жойлашган автомобил эҳтиёт қисмлари бозорида 12 нафар шахсдан иборат жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилди.

Маълум қилинишича, жиноий гуруҳ аъзолари мижознинг машинасига унинг рухсатисиз ва олдиндан келишмаган ҳолда турли жиҳозлар ўрнатиб, техник хизмат кўрсатган. Шундан сўнг, ушбу хизмат бозор нархида 600 АҚШ доллари бўлишига қарамасдан, фуқародан 13,3 минг долларни товламачилик йўли билан ундирган. Эътироз билдирган мижозга қўрқитиш йўли билан таҳдид қилишган.

Яна бир шунга ўхшаш ҳолатда жиноий гуруҳ аъзолари бошқа бир фуқаронинг автомашинасига унинг розилигисиз турли эҳтиёт қисмларни ўрнатиб, ундан 3 баробар қиммат нархда пул талаб қилган. Аниқланишича, улар автомашина калитини фуқародан олиб қўйиб, тазйиқ ўтказиш орқали 15 млн сўм ундиришган.

Бундан ташқари, қонунбузарлар яна 2 нафар фуқаронинг автомашинасини қўшимча эҳтиёт қисмлар билан жиҳозлаш учун улардан 70 млн сўм миқдорида пул олиб, ваъда қилинган ишни бажармаган.

Таъкидланишича, жиноий гуруҳ аъзоларининг кўпчилиги Тошкент шаҳри, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида туғилган бўлиб, аксарияти муқаддам судланган шахслар.

Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг «товламачилик» ва «фирибгарлик» моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қўлга олинганларга қамоқ эҳтиёт чораси қўлланган.

Эрта никоҳ учун жавобгарлик кучайтирилади

Президент Шавкат Мирзиёев эрта никоҳ учун жавобгарликни кучайтирувчи қонун лойиҳасини тайёрлаш ҳақида топшириқ берди.

Бош прокуратура бошқарма бошлиғи Муродбек Маҳмудовнинг маълум қилишича, эрта никоҳ ва эрта туғуруқларнинг олдини олиш чораларини кескин кучайтириш мақсадида Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги тизимлари интеграция қилинган ҳамда эрта туғуруқларни яшириш ҳолатларига чек қўйилган. Уларни дарҳол аниқлаш ва тегишли чора-тадбирларни белгилаш имконияти кенгайтирилган.

Ўзбекистон Оила кодексига кўра, никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун камида 18 ёш этиб белгиланган. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра, никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

Президент Ўзбекистондаги ЙТҲлар ҳақида гапирди

Ўзбекистонда 2024 йил давомида 9 минг 364 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, ушбу мудҳиш ҳодисаларда қарийб 9 минг фуқаро жароҳат олган.

Авариялар туфайли 2 минг 203 нафар одам ҳалок бўлган. Энг кўп ўлим ҳолатлари Самарқанд, Тошкент ва Фарғона вилоятларида қайд этилган.

Президент соҳада ўз ечимини кутаётган масалалар кўплигини таъкидлади.

«Афсуски, ҳар тўртинчи аварияда 1 киши ёки кунига ўртача 6 киши вафот этаётгани барчани қаттиқ ташвишга солиши керак», – деди Шавкат Мирзиёев.

Россия Ўзбекистонда рус тилини тарғиб қилиш бўйича тадқиқот олиб боради

Россия Ташқи ишлар вазирлиги топшириғи билан Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази рус тилини хорижда, хусусан, Озарбойжон ва Ўзбекистонда тарғиб қилиш бўйича социологик тадқиқот ўтказади.

Рус тилини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар самарадорлиги Венесуэла, Ҳиндистон, БАА ва Хитойда ҳам ўрганилади.

Ҳар бир давлатда камида 1500 респондент онлайн сўровдан ва камида 1000 респондент телефон ва шахсий суҳбатлар орқали сўровдан ўтказилиши керак. Тадқиқотнинг ўзи билан бир қаторда, марказ чет элда рус тилидан фойдаланиш кўрсаткичларини экспертизадан ўтказиши ва кўрсатилган мамлакатларда унинг жозибадорлигини ошириш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиши лозим.

«Россотрудничество» маълумотларига кўра, 2023 йил бўйича Марказий Осиёнинг барча давлатлари орасида Қозоғистон рус тилидаги мактаблар сони бўйича етакчилик қилмоқда – 3606 та. Ўзбекистонда таълим рус тилида олиб бориладиган 1 мингдан сал кўпроқ мактаб мавжуд.

Тирбандликда қолиб кетган президент

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, инфратузилмасини яхшилаш ва тирбандликларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилиш давомида давлат раҳбари ўтган дам олиш кунларида Тошкент шаҳрида тирбандликда қолиб кетганини айтди.

Президент рулда ўзи бўлганини, 15-20 дақиқа тирбандликда турганини, бироқ ҳеч кимга қўнғироқ қилмай, эл қатори юриб кетганини айтди.

Шавкат Мирзиёев тирбандликдан ўтиб бўлганидан сўнг ички ишлар вазирига қўнғироқ қилиб, келиб шу йўлдан ўзи ўтиб кўриши кераклигини айтган.

Мавзуга оид