Жаҳон | 17:44
1861
2 дақиқада ўқилади

Тайванда Хитойнинг эҳтимолий ҳужумига қарши тарихдаги энг катта ҳарбий машқлар бошланди

Ҳарбий машғулотлар ўн кун давомида, «кечаю кундуз отишма» форматида ўтказилади, бу эса уларни ҳақиқий жанговар шароитларга имкон қадар яқинлаштиради.

Фото: Reuters

9 июл куни Тайван анъанавий-йиллик «Ҳангуанг» ҳарбий машғулотларини бошлади. Тадбир ўн кун давом этади - аввалги йиллардагидан икки баравар кўп. Машқларда рекорд миқдордаги ҳарбий қатнашмоқда: асосий қўшинлар билан бирга захирадаги 22 мингдан ортиқ аскар.

Хитой Мудофаа вазирлигининг маълум қилишича, машғулотлар «мисли кўрилмаган тарзда, ўн кун давомида, кечаю кундуз отишма машқлари» форматида ўтказилади, бу эса уларни ҳақиқий жанговар шароитларга имкон қадар яқинлаштиради.

Машқлар кўп босқичли жанговар тўқнашувга тақлид қилади. Биринчи босқичда орол киберҳужумлар ва иқтисодий босимларга дуч келади. Кейин Тайван қуролли кучлари Хитой Халқ Озодлик Армиясининг (ХОА) «денгиздан ҳужумини» қайтариши керак бўлади. Ҳарбийлар ва захирадагилар жанговар тактикаларни душман кириши мумкин бўлган қирғоқбўйи ҳудудларида ҳам, шаҳарларда ҳам машқ қилади. Бунга параллел равишда оролда ракета ҳужуми ва эвакуация ҳолатларида фуқаролик мудофааси машқлари ўтказилади. Шу мақсадда пойтахт ва йирик шаҳарларда корхоналар иши ва транспорт ҳаракати тўхтатилади.

Сўнгги пайтларда, 2027 йил Хитойнинг Тайванга бостириб кириши мумкин бўлган эҳтимолий вақт сифатида кўпроқ тилга олинмоқда. 2025 йил март ойида Тайван Мудофаа вазирлиги биринчи марта Хитой томонидан тажовуз бошланишининг эҳтимолий санаси сифатида 2027 йилни расман белгилади.

The Interpreter таҳлилий портали 2027 йилни Тайван бўғозидаги уруш бошланиши вақти сифатида тез-тез тилга олинишининг бир қанча сабабларини таъкидлайди: айнан шу йили ХОА 100 йиллиги нишонланади ва Хитой Коммунистик партиясининг (ХКП) навбатдаги съезди ўтказилади. Унда Си Жинпинг мисли кўрилмаган тўртинчи муддатга қайта сайланиши мумкин. 2027 йил, шунингдек, Тайваннинг амалдаги раҳбари Лай Циндэ президентлик муддатининг сўнгги йили бўлади — оролда сайловлар 2028 йил январига мўлжалланган.

Мавзуга оид