Жаҳон | 23:41 / 09.07.2025
1086
2 дақиқада ўқилади

Еврокомиссия мигрантлар оқими сабаб Африкага ёрдам кўрсатишни тўхтатиши мумкин

Европа комиссияси агар Африка давлатлари мигрантлар оқимига тўсқинлик қилмаса, минтақадаги қашшоқ давлатларга кўрсатиладиган ёрдамларни қисқартириш таклифини илгари суради.

Фото: AP

Еврокомиссия агар Африканинг қашшоқ давлатлари ҳукуматлари Европага келаётган мигрантлар оқимига тўсқинлик қилмаса, уларга кўрсатилаётган ёрдамни қисқартириш таклифини илгари сурмоқчи. Идора ушбу ташаббусни етти йиллик бюджет режаси доирасида тақдим этиш ниятида, деб ёзади Politico.

«Мослашувчан рағбатлантирувчи ёндашув доирасида тегишли воситалар ва зарур босимнинг бор имкониятидан фойдаланилади, жумладан, керак бўлса, молиялаштиришни тақсимлашга ҳам ўзгартириш киритилиши мумкин», — дейилади ЕИнинг 2028-2035 йилларга мўлжалланган бюджет лойиҳасида.

ЕИ бунга қадар ёрдам тақдим этиш учун кескин шартлар қўймаган ва бундай чора-тадбирлар Еврокомиссиянинг миграция масаласига нисбатан позицияси қатъийлашгани билан боғлиқ. Politico’нинг қайд этишича, АҚШ ва Буюк Британия ҳам шу каби усулларни қўллайди: улар ташқи ёрдамлардан босим ричаги сифатида фойдаланади. Таклиф 16 июл куни тақдим этилади.

Аввалроқ Греция ҳукумати 2011 йилдан бери биринчи марта суриялик қочоқларга бошпана беришни рад эта бошлагани тўғрисида хабар берилганди.

 

Мавзуга оид