Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Жар ёқасидаги соҳа: Муаммолар кўрсатилди, вазирлар эса жим
Ўзбекистон иссиқхоначилиги ҳолатини акс эттирган кўрсатувга кўзингиз тушгандир. Миллиардлаб маблағ сарфланган, аммо айни пайтда бир уюм темир терсакка айланган иссиқхоналар... Улар мамлакат иқтисодиётига тиргак бўлиши мумкин эди.
Журналист Шокир Шарипов қисқа видеоэссесида шу ва бошқа мисолларга ишора қилиб, вазирларнинг вазифаси – бирор масалани президент тилга олгандагина жонланиш эмас, балки мамлакат олдида турган кенг миқёсдаги чақириқларни англаш ва шунга биноан ҳаракат қилиш эканини айтади.

Мамлакатнинг ярмини айланиб, миллонлаб доллар сарфланган иссиқхоналарнинг ҳолини кўрсатдик. Вазирлар бу манзарага қанча эътибор қилди дейсизми? Нол. Президент бирон нарса дейишини кутишмоқда шекилли. Унда вазирларнинг нима кераги бор?
Бир неча йил аввал чорвачилик инқирозга қараб кетяпти, деб нидо қилган эдик. Натижаси эса – соҳадаги камчиликларни гапирган чорвадорнинг таҳдидлар ила оғзини ёпиш бўлди. (Таҳдидчилар, таҳдиднинг янги порциясини бу чорвадорнинг бошига ёғдириш учун яна югуриб бормангизлар ёнига, у менга шикоят қилгани йўқ. Бу кўрсатув анча аввал чиққан ва бу – хотира).
Дарвоқе, муаммони гапирганнинг оғзини ёпиш, ундан ўч олиш маҳаллий идораларнинг одатига айланди, ва бу “амалиёт” тобора авжига чиқмоқда.
Бу ҳолда қандай ривожланамиз, муаммолар оғизларни ёпиш билан “ҳал қилинадиган” бўлса...
Мана энди гўшт қимматлаб кетди, импорт билан тўлдиряпмиз бозорни. Майли, ҳозирча импорт гўшт еб турармиз, келажакда импорт қимматлаб кетса ёки геосиёсий вазият ўзгариб, йўллар ёпилиб қолса ёки бошқа бирон иш содир бўлса нима қиламиз, ўзимизники мавжуд бўлмаган шароитда?
Вазирлар бу ҳақда ўйлайдими ё президент бирон нарса дейиши керакми?
Кўп йиллардан бери фақат эркин деҳқон қишлоқ хўжалигини оёққа турғазишини айтиб келяпмиз. Биргина ўзим бу ҳақда 77 марта чиқиш қилган эканман: мақолалар, кўрсатувлар, интервюлар, ҳужжатли филмлар ва ҳатто мултфилмлар орқали.
Лекин бутун ривожланган дунё тажрибасини кўрсатсак ҳам бизда ҳамон фермерлар ҳуқуқсиз – ўзини ҳимоя қилишга имкон берилмаган. Маҳаллий идоралар қишлоқ хўжалиги соҳасини соғин сигигирига айлантириб олган. Вазирлар нимани кутишяпти?
Дунёдаги вазият бизга шуни тушунтиряптики, ўзингдан бошқа дўстинг йўқ – ҳар лаҳзада сенга орқа ўгиришлари ва муаммоларинг билан яккама-якка қолдиришлари мумкин.
Ҳар бир миллат аввало ўзига суяниши кераклигини, таҳликали дунёда яшаб қолиш учун ўзида барча имкониятлар мавжуд бўлиши кераклигини тушунтиряпти бизга воқелик. Ўзимизнинг иссиқхоналаримиз ҳам бўлиши керак, чорвачилигимиз ҳам.
Вазирлар шу учун ҳам вазир-ки бу ҳақиқатларни англаши ва масъулиятни ҳис қилиши керак. Вазиятни англаш вазифаси битта одамга юклатилмайди.
Вазирлик мақомидан тўғри фойдаланингизлар жаноблар, халққа яхшилик қилиб олиш фурсати бу сизлар учун.
Шокир Шарипов
Мавзуга оид

16:10 / 01.07.2025
Инқироз манзаралари: нураб ётган иссиқхоналар – ҳар бир ҳудудда

07:45 / 21.04.2025
Хитой билан ҳамкорликда иссиқхоналар учун «ақлли» плёнка ишлаб чиқарилади

16:06 / 13.03.2025
«Олтиариқдаги иссиқ боғ» — иссиқхонада ўрик етиштираётган эскиараблик боғбон ҳикояси

10:45 / 21.02.2025