Жаҳон | 14:07
1049
2 дақиқада ўқилади

Мерц Украинанинг тикланиши учун зарур шартларни санаб ўтди

Германия канцлери Фридрих Мерц фикрича, халқаро кўмак, Европа Иттифоқига аъзоликка эришиш ва хусусий капитал иштироки урушдан кейин Украинада иқтисодий мўъжизага олиб келиши мумкин.

Фото: Michael Kappeler/dpa/picture alliance

Германия канцлери Фридрих Мерц Римда Украинанинг тикланишига бағишланган халқаро анжуманда сўзлаган нутқида Киевни халқаро қўллаб-қувватлаш, Украинанинг ЕИга аъзо бўлиш йўлидаги муваффақияти ва уни тиклашда хусусий капитал иштироки мамлакатда урушдан кейин «иқтисодий мўъжиза»га эришишнинг учта шарти эканини айтди. У Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан кейин Европа ва Германиянинг тикланиши тарихда урушдан кейинги тикланишнинг энг муваффақиятли намуналаридан бири бўлганини эслатди. «Мен нотўғри тарихий ўхшашликлар келтирмоқчи эмасман. Лекин ўша пайтда қўлланган рецептларнинг баъзилари Украинани қайта тиклашга эътибор қаратаётган бугунги кунда бизга хизмат қилиши мумкин», — деди Германия ҳукумати раҳбари.

Мерцнинг сўзларига кўра, Украина аллақачон дунёнинг энг йирик иқтисодлари ва жамғармаларидан халқаро қўллаб-қувватловга эришган. Германия Украина энергетикасини қўллаб-қувватлаш жамғармасининг энг йирик донорига айланди, шунингдек, Иккинчи жаҳон урушидан кейин Германияни тиклашни молиялаштирган KfW давлат тараққиёт банки модели асосида Украина бизнесни ривожлантириш жамғармасини ишлаб чиқмоқда, деди Мерц.

Фридрих Мерц Украинани қайта тиклашнинг иккинчи асосий омилини унинг Европа интеграцияси деб атади. Берлин Европа Иттифоқига аъзолик йўлида Киевни қўллаб-қувватлашини таъкидлаган Германия канцлери ислоҳотлар, жумладан, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш ва коррупцияга қарши курашга чақирди.

Мерц, шунингдек, хусусий бизнеснинг Украинани тиклашда иштирок этиши зарурлигини таъкидлаб, немис компаниялари бундай лойиҳаларга қизиқиш билдиришини таъкидлади. Бундан ташқари, Германия Европа Комиссияси, Европа инвестиция банки, шунингдек, Италия, Полша ва Франция билан биргаликда Украинани тиклаш бўйича Европа флагман жамғармасини ишга туширмоқда, у ушбу мақсадлар учун катта ҳажмдаги хусусий инвестицияларни жалб этишни мақсад қиляпти.

Мавзуга оид