Ўзбекистон | 17:36
10392
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга тўй ислоҳоти керак: жамият ўзгаришларга тайёр

“Юксалиш” ҳаракати ўтказган сўровномада атиги 14 фоиз одам ўзининг даромадига мос тўй қилишини айтди. 41 фоиз респондент тўй учун 70 млн сўмдан кўп пул кетади деб ҳисобламоқда. Сўровда қатнашганларнинг 45 фоизи тўйда ортиқча харажат қилганидан афсусда. “Дабдабали тўй”ни қўллаб-қувватловчилар – атиги 7 фоиз.

Фото: Kun.uz

“Юксалиш” ҳаракати ижтимоий сўровнома ўтказиб, тўйлар билан боғлиқ тенденцияларни аниқлади.

19 июндан 3 июлгача давом этган сўровномада Ўзбекистоннинг барча ҳудудларидан жами 1247 киши онлайн тарзда иштирок этган. Респондентларнинг 34 фоизи 18-30 ёш оралиғида, 36 фоизи 30-45 ёш оралиғида, 30 фоизи 50 ёшдан катталар бўлган.

Сўровда қатнашганларнинг аксарияти (71 фоизи)ни турмуш қурганлар ташкил этган. Бу – уларнинг тўй анъаналари ва харажатларидан бевосита хабардорлигини кўрсатади. “Охирги йилларда оилангизда тўй бўлганми ёки режада борми?” деган саволга аксарият респондентлар “тўй ўтказганмиз ёки режалаштиряпмиз” деб жавоб берган.

Харажат ва даромадлар номутаносиблиги

Кўпчилик оилаларнинг даромади билан тўй харажатлари ўртасида катта фарқ борлиги кўзга ташланади.

Респондентларнинг 81 фоизи (айниқса, вилоятларда яшовчилар) ўз оиласининг ўртача ойлик даромадини 5 млн сўмдан 12 млн сўмгача деб кўрсатган.

“Тўйга тахминан қанча пул сарфлагансиз (ёки сарфлашни режалаштиряпсиз)?” деган саволга эса респондентлар қуйидаги жавобларни берган:

  • 30 млн сўмгача – 31,28%
  • 50 млн сўмгача – 23,98%
  • 70 млн сўмгача – 15,72%
  • 100 млн сўмгача – 15,88%
  • 100 млн сўмдан ортиқ – 9,62%

Кўриниб турибдики, 69 фоиз респондент тўй учун 50 млн сўмдан кўпроқ харажат қилган ёки шуни режалаштиряпти. Ваҳоланки, 50 млн сўмдан кўп маблағ – кўплаб оилалар учун бир йиллик даромадга тенг ёки ундан ҳам юқори бўлиши мумкин.

Молиялаштириш манбалари

Аксарият респондентларнинг айтишича, улар тўй харажатларини шахсий жамғармалари ҳисобидан эмас, бошқа манбалар орқали қоплаган. Асосий молиявий манбалар қуйидагилар бўлган:

  • “Ўзим ва яқинларим ёрдамида” – 55,17%
  • “Қарз олганман / оламан” – 25,1%
  • “Даромадим етарли” – 14,11%
  • жавоб бермаганлар – 5,62%

Бу рақамлар шуни кўрсатадики, тўй – кўплаб оилалар учун улкан молиявий юк, уларнинг мавжуд даромадларига мутлақо мос келмайди ва қарзга ботиради. Бу эса янги турмуш бошлаётган оилалар ёки уларнинг ота-оналари учун молиявий барқарорликка жиддий хавф туғдиради.

Жамиятнинг ва ота-оналарнинг босими

“Тўйга катта харажат қилишга нима сабаб бўлади?” деган саволда респондентларга бир нечта вариантни танлаш имконияти берилган бўлиб, улар кўпинча шахсий истаклардан кўра ташқи омилларни кўрсатган.

  • “Жамият босими / элга тўй беришим керак деган мажбурият” – 46,11%
  • “Ёшларнинг орзу-ҳаваси” – 31,36%
  • “Ота-онанинг орзу-ҳаваси” – 29,03%
  • “Қуда томоннинг талаби” – 16,6%

Шундай қилиб, юқори тўй харажатлари – кўпроқ ёшларнинг шахсий танлови эмас, балки катта ижтимоий босим ва ота-оналар кутган умидлар натижасида юзага келаётган ҳолатдир.

“Сизнингча, атрофдагилар босими оилаларни қимматбаҳо тўй ўтказишга мажбур қиладими?” деган саволга берилган жавоблар жамиятдаги фикрлар бўлинишини, аммо босим мавжудлигини тан олганлар кўпчиликни ташкил қилишини кўрсатди:

  • “Йўқ, бу ҳар бир оиланинг шахсий иши” – 34%
  • “Ҳа, албатта” – 30,05%
  • “Кўпроқ ҳа, деб ўйлайман” – 19,95%
  • “Кўпроқ йўқ, деб ўйлайман” – 11,54%
  • жавоб бермаганлар – 3,76%

Гарчи энг катта гуруҳ тўй харажатларини шахсий танлов деб ҳисобласа-да, респондентларнинг қарийб ярми тўғридан тўғри ёки билвосита жамият босимини тан олган. Бу жамиятда ички зиддият мавжудлигини кўрсатади: бир томондан – эркин танловга интилиш, бошқа томондан эса – анъаналар ва ижтимоий кутишларнинг кучли таъсири.

Камтаргина тўй қилиш истаги ва исрофгарчилик амалиёти

“Тўй қандай бўлиши керак?” деган саволга респондентларнинг 40 фоизи “камтарона” ёки “ўртача, яқинлар даврасида” деб жавоб берган.

“Дабдабали, ҳашаматли”  вариантини эса атиги 7 фоиз респондент афзал кўрган.

Респондентларнинг 45 фоизи дабдабали тўйларни “кераксиз стресс ва қарзларга сабаб” деб ҳисоблайди ва кўп маблағ сарфланганидан афсусланади. Бу – жамиятда дабдабали тўйларнинг самарасизлиги ҳақида аниқ тушунча мавжудлигини ва кўпроқ камтарона тўйлар ўтказишга бўлган кучли истак борлигини англатади. Бироқ бу рационал ёндашув ижтимоий меъёрлар ва анъаналар тўсиғини енга олмаяпти. Одамлар икки ўт ўртасида қолган: сарфлашни истамайдилар, аммо мажбур бўлишмоқда.

Тўйга кетган пулни, қаерга сарфлашни истардингиз?

Бу саволга респондентлар таълим олиш, уй-жой сотиб олиш, саёҳатга чиқиш, соғлиғини тиклаш ва бизнесга сармоя киритиш каби жавобларни беришган.

Бу – аҳолининг молиявий саводхонликка интилиши ва узоқ муддатли режалаштиришга бўлган эҳтиёжи борлигини кўрсатади.

Ечим нимада?

“Сизнингча, яшаб турган ҳудудингизда тўй харажатларига муносабатни қандай ўзгартириш мумкин?” деган саволга кўпчилик қуйидагиларни ечим сифатида кўрсатди:

  • маъмурий чоралар жорий этиш;
  • аҳоли ўртасида тарғибот ва маърифий ишларни кучайтириш;
  • молиявий саводхонликни ошириш.

Қуйидаги ўзгаришлар кўпроқ қўллаб-қувватланган:

  • “Меҳмонлар сони ва маросим кўламини қисқартириш” — бу таклифни 35,69% респондент илгари сурган.
  • “Тўйдан кейинги айрим маросимларни камайтириш” — деб ҳисоблаганлар 31,44%.
  • “Тўйдан олдинги айрим маросимларни қисқартириш” — бу фикрни 37,61% респондент қўллаб-қувватлаган.
  • “Ҳеч қандай ўзгариш керак эмас” — бу фикрни атиги 7,14% респондент билдирган.

Бу рақамлар аҳолининг аксар қисми тўй маросимларини соддалаштиришга тайёрлигини ва жамиятда ўзгаришларга ижтимоий буюртма шаклланаётганини тасдиқлайди.

Хулоса

“Юксалиш” ҳаракатининг хулоса қилишича, Ўзбекистонда тўй анъаналарини ислоҳ қилиш ва соддалаштириш бўйича кучли ижтимоий буюртма мавжуд. Аҳоли энг қиммат ва чарчатадиган маросимлардан воз кечишга тайёрлигини билдирган.

Сўров муаллифлари қуйидаги хулосаларни санаб ўтди:

1. Ўзбекистондаги замонавий тўй харажатлари кўплаб оилаларни қарзга ботираётган бўлиб, бу уларнинг турмушни бошлаш имкониятларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

2. Исрофгарчиликнинг асосий сабаби – шахсий истаклар эмас, балки ижтимоий босим, “кўз-кўз қилиш” маданияти ва катта авлоднинг кутишларидир.

3. Жамиятда рационал фикрлаш (харажатларни камайтириш зарурати) билан анъанавий иррационал хатти-ҳаракатлар (“одамлар нима дейди” деган қўрқув) ўртасида ички зиддият мавжуд.

4. Тўй маросимларини соддалаштириш, ҳажмини камайтириш ва ортиқча одатлардан воз кечиш зарур деб ҳисобловчилар кўпчиликни ташкил этади.

Тавсиялар

“Юксалиш” ҳаракати сўров натижаларидан келиб чиқиб қуйидаги таклифларни илгари сурмоқда:

  • телевидение, интернет ва ижтимоий тармоқлар орқали “дабдабабозлик – стресс ва қарз” деган ғоя асосида умумхалқ кампаниясини олиб бориш, кампанияда молиявий саводхонлик ва руҳий босим мавзуларига урғу бериш;
  • актёрлар, қўшиқчилар, блогерлар, спортчилар, дин арбоблари каби таъсирга эга шахслар орқали камтарин тўй ғоясини тарғиб қилиш (уларнинг шахсий намунаси жамоатчилик фикрига кучли таъсир кўрсатади);
  • маҳалла фаолларининг тўй режалаштираётган оилалар билан тушунтириш ишлари ўтказишини йўлга қўйиш, соддароқ тўй қилганларни моддий ва маънавий рағбатлантириш;
  • меҳмонлар сони ва вақтни чеклаш бўйича қонун ижросини назорат қилиш;
  • мактаб ва олий таълим дастурларига махсус курсларни киритиш, оила бюджети, молиявий режалаштириш, истеъмол кредитларининг хавфи ҳақида дарслар ўтказиш;
  • ёш оилаларга мўлжалланган “Уй учун”, “Таълим учун” каби махсус жамғарма ҳисобларини яратиш (бу тўй кредитларига соғлом муқобил бўлиши мумкин).

Тадқиқотчиларга кўра, ота-оналар ва ёшлар ўртасида очиқ мулоқотни рағбатлантириш керак, токи ёшлар ўз истакларини (уй, бизнес, таълимга сармоя) очиқ айтишга журъат этсин, ота-оналар эса уларни эшитсин.

Шунингдек, тўй – томоша эмас, янги оиланинг бошланиши деган ғояни илгари суриш таклиф этилмоқда: байрам келин-куёвнинг ўзи учун бўлиши керак, юзлаб таниш-бегоналар учун эмас.

“Жамият ўзгаришларга тайёр, энди эса уларни амалга ошириш учун аниқ ҳаракатлар керак”, – дея хулоса қилган “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати. 

Мавзуга оид