Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Тарихчи ва контрразведкачи». Киевда ўлдирилган УХХ полковниги Иван Воронич ҳақида нималар маълум?
Америкадаги New York Times газетаси Украина хавфсизлик кучларининг чоршанба куни тонгда Киевда отиб ўлдирилган полковниги Иван Воронич Украина қуролли кучларининг Курск областидаги амалиётида муҳим рол ўйнагани ҳақида ёзди. Украина хавфсизлик хизматларининг ўлдирилган ходими ҳақида яна нималар маълум?

NYT мақоласида айтилишича, Воронич УХХда ўнлаб йиллардан буён ишлаб келган ва «Алфа» махсус амалиётлар маркази офицери бўлган.
Нашрнинг ёзишича, бу бўлинма «ўтган ёзда Украина ҳарбийлари Россиянинг Курск областига уюштирган кутилмаган ҳужумида» муҳим рол ўйнаган. Бу ҳужум натижасида украин қўшини Россия ҳудудининг бир қисмини эгаллаб олиб, кейинги саккиз ой давомида бу ҳудудларни ўз назоратида ушлаб турганди.
Украиналик ҳарбий ва разведкачи, илгари УХХда ишлаган Роман Червинскийнинг айтишича, Воронич Украина хавфсизлик хизматининг «ҳозирда россияликларга кўп муаммо туғдираётган» йўналишига асос солганлардан бири бўлган.
«Бугун шахсан мен ва УХХнинг кўплаб ватанпарвар ходимлари учун йўқотиш рўй берди. Душман диверсанти томонидан офицер (полковник) Воронич Иван Иванович ўлдирилди», – деб ёзди Червинский қотиллик содир этилган куни ижтимоий тармоқларда.
Ўша кунги баёнотида УХХ қотилликни текшираётганини маълум қилган, бироқ бошқа ҳеч қандай маълумот тақдим этмаганди.
13 июл куни УХХ раҳбари Василий Малюк полковник Иван Воронич Россия махсус хизматлари агентлари томонидан ўлдирилгани, улар «йўқ қилингани» ҳақида баёнот берди.
У бу ҳақда фейсбукда эълон қилинган видеода маълум қилган. Малюкнинг сўзларига кўра, ФХХ ходимларини қўлга олиш учун ўтказилган «махсус амалиёт вақтида» улар қаршилик кўрсатган ва ўлдирилган. Малюкнинг сўзларига кўра, олдинроқ Украинага киритилган бу аёл ва эркак Воронични кузатиб боришган, унинг кун тақвими ва ҳаракат йўналишларини аниқлашган.
Кремл тарафдорлари Вороничнинг ўлдирилишини олқишлади, деб ёзади NYT; улар бу охирги ҳолат эмаслигига умид билдирмоқда.
2014 йилда Украина шарқида ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери, икки давлат разведка хизматлари ўртасида ўзаро қотилликлар одатий ҳолга айланган, деб ёзади газета.
Нашр муаллифлари Вороничнинг собиқ ҳамкасбига таяниб ёзишича, у маълум вақт давомида бундай ҳужумлар билан шуғулланган махсус бўлимга қўмондонлик қилган. «Бешинчи бошқарма номи билан танилган, МРБдан техник ёрдам олган бу бўлим „Моторола“ лақаби билан танилган россиялик айирмачилар қўмондони Арсен Навловнинг ўлдирилишига масъул бўлган», – деб ёзади NYT.
Газета Воронич Моторолани ўлдириш вақтида ушбу бўлимга раҳбарлик қилганига аниқлик киритмаган.
Бунга жавобан Россия Киев марказида ҳарбий разведка хизматининг юқори мартабали зобитининг автомобилини портлатиб, уни ўлдирганди.
Нашр муаллифлари таъкидлашича, кенг кўламли босқин бошланганидан бери УХХ кўплаб дадил махфий операцияларни амалга оширган, ваҳоланки, Россиянинг бундай ҳаракатлари Украинада камдан кам амалга оширилади. «Агар [Киевдаги] қотиллик ортида Россия турган бўлса, бу унинг Украинага кенг кўламли босқин бошланганидан бери муваффақиятли махфий операциясининг ноёб намунаси бўлади», – деб ёзади New York Times.
«Баррикаданинг икки томонида»
Иван Воронич билан таниш бўлган ҳарбий ва УХХнинг собиқ ходими Юрий Михалчишин BBC Украина хизматига ушбу полковник ҳақида гапириб берди.
Улар қизиқ вазиятда танишиб қолишган. «Баррикадаларнинг икки томонида», дея ифодалайди буни Михалчишин. Бу 2011 йилда содир бўлган, ўшанда Воронич УХХнинг Лвив области бўйича бошқармасида миллий давлатчиликни ҳимоя қилиш бўлимида ишлаган, Михалчишин эса Лвив шаҳар кенгаши депутати эди.

Ўша пайтда президент Виктор Янукович бўлган, унинг режими, Михалчишиннинг сўзларига кўра, «кўча ва парламент мухолифатига қаршилик кўрсатган». BBC суҳбатдоши ҳукуматнинг ҳаракатларига қарши чиқади ва нутқларидан бирида ўша пайтдаги руслаштириш сиёсатини қоралайди.
Россия тараф бўлган Регионлар партияси (уни Янукович бошқарган) депутатлари жиноий иш қўзғатишни талаб қилади, УХХнинг Лвив области бошқармаси эса иш юзасидан терговга қадар текширув ўтказиши керак эди. Михалчишинни гувоҳ сифатида сўроққа чақиришади, уни эса ўша пайтда майор бўлган Иван Воронич кузатиб қўяди.
«Ва биз у билан гаплашишни бошлаганимиздан сўнг жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор чиқди», – дея ҳикоя қилади Михалчишин.
УХХнинг собиқ ходими Европа инқилоби чоғида ушбу махсус хизматдан норозилик фаоллигини назорат қилиш талаб этилгани, лекин «софдил офицерлар россияпараст раҳбариятнинг буйруқларини тўхтатишга урингани»ни эслайди.
2014 йилнинг 18–19 феврал кунлари, Киевдаги Майдонда отишмалар бошланганидан кейин Лвивда ҳам «ғазаб кечаси» номини олган воқеалар бўлиб ўтади, шаҳардаги бинолар вайрон қилинади, ҳужжатлар ёқиб юборилади ва талончлик ҳолатлари кузатилади.
«Ўшанда Иван Воронич ўз жойида туриб, бу одамлар ўлимига олиб келмаслиги ва ҳокимиятга Лвив областида аксилтеррор операцияси режимини жорий этиш имконини берадиган оммавий тартибсизликлар келиб чиқмаслиги учун ҳамма чорани кўришга ҳаракат қилган», – дея тушунтиради Михалчишин.
Унинг ҳисоблашича, ўшанда Россия махсус хизматлари бундай воқеалар Украинада фуқаролик урушига олиб келишини мўлжал қилганди.
Михалчишин ўша кунлар «Воронич учун мураккаб ва кескин бўлгани», кейироқ уни УХХнинг Киевдаги марказий аппаратига ўтказишганини айтади.
Контрразведкадаги фаолият
Украина кучларининг россияпараст айирмачилар ва Донбассдаги рус қўшинларига қарши олиб борилган аксилтеррор операцияси бошланганидан сўнг у контрразведка хизматига ўтади. Кейинчалик, Михалчишиннинг эслашича, Воронич биринчи йиғилган гуруҳлардан бири таркибида АТО зонасидаги вазифаларни бажаришга йўл олган.
Михалчишиннинг сўзларига кўра, у «Ямал» қўпорувчилик гуруҳи аъзоларини қўлга олишда иштирок этганлардан бири бўлган. (2014 йилда УХХ ходимлари Луҳанск областининг Северодонецк шаҳри яқинида Россия қўпорувчиларининг лагери аниқлангани ва зарарсизлантирилганини маълум қилган, қўпорувчилар гуруҳига РФ армиясининг «Ямал» лақабли ҳарбийси раҳбарлик қилган).
«Камтар, ватанпарвар ва тўғри офицер», – деб таърифлайди Михалчишин ўлдирилган полковникни.
2014-2016 йилларда Михалчишин УХХда ишлаганида, энди у Воронич билан ҳамкасб сифатида тўқнаш келади.
Унинг сўзларига кўра, Иван Иванович маълумоти бўйича тарихчи бўлган ва «Украина исёнчи партизан ҳаракатининг драматик мағлубияти»ни оғир қабул қилган. Михалчишиннинг сўзларига кўра, Воронич ХХ асрдаги Украина озодлик кураши тарихига қизиққан, партизан армияси сабоқларини ўрганган.
Воронич асли Карпатортидан бўлиб, Лвивга фақат талабалик чоғида кўчиб келган бўлса-да, «у мен учун галициялик зиёли эди», дейди Михалчишин.
«Урушни уларнинг ҳудудига кўчириш»
Таркибида Воронич ҳам бўлган контрразведка бўлинмалари 2015-2022 йилларда «душман ҳудудида ҳам ишлаган, ўша пайтда бу жуда қийин эди, чунки умумий курс душманни провокация қилмаслик ҳисобланган».
Россиянинг Украинага кенг кўламли босқинидан сўнг эса бу «устувор ва ягона заруратга айланди – русларга қарши туриш ва урушни уларнинг ҳудудига кўчириш», дейди Михалчишин.
Охирги марта Михалчишин ва Воронич 2022 йил кузида Киевда учрашганди.
Полковник Воронични 10 июл куни эрталаб Киевдаги уйи ҳовлисида отиб кетишди. Ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган видеода қора кийимдаги одам автотураргоҳда унинг ортидан югуриб, бир неча марта ўқ узганини кўриш мумкин.
«Украинская правда» нашри манбасига кўра, номаълум эркак тўппончадан полковникка қарата 5 марта ўқ узган.
Мавзуга оид

12:59 / 13.07.2025
Трамп ўзининг Украинага илк ҳарбий ёрдамини тайёрламоқда

23:38 / 12.07.2025
Путин Зеленский билан фақат Украина таслим бўлган тақдирдагина учрашишга рози бўлади – Кислица

15:10 / 12.07.2025
Ҳарбий жиноятларда айбланган Россия бригадаси командири ҳалок бўлди

14:24 / 12.07.2025