Жаҳон | 13:39 / 15.07.2025
771
2 дақиқада ўқилади

Латвия Россиянинг биометрик бўлмаган хорижга чиқиш паспортларини тан олмайди

15 июлдан бошлаб Латвияга фақат биометрик хорижга чиқиш паспортига эга Россия фуқаролари кириши мумкин, деб хабар қилди мамлакат ТИВ. Литва аввал ҳам худди шундай чораларни жорий қилган эди.

Фото: Alii Sher/ Shutterstock/ FOTODOM

15 июл, сешанба куни Россия фуқароларининг биометрик бўлмаган хорижга чиқиш паспорти билан Латвияга киришига тақиқ кучга кирди. Бу чорани аввалроқ мамлакат ташқи ишлар вазирлиги эълон қилган эди.

Қарор кучга кирган пайтдан бошлаб Рига паспортида биометрик маълумотлари бўлмаган россияликларга виза бериш ва яшаш учун рухсатнома олиш учун аризаларни қабул қилишни тўхтатади. Вазирлик шунингдек, Латвияда узоқ муддатли визалар ёки яшаш учун рухсатномалар билан бўлган эски намунадаги паспортга эга россияликларга олти ой муддат берилишини ва бу муддат давомида биометрик паспорт олиниши кераклигини таъкидлади.

1 июндан бошлаб Литва Россиянинг биометрик бўлмаган паспортларини тан олишни тўхтатди ва Россия фуқароларининг ўз ҳудудига бундай ҳужжатлар билан киришини тақиқлади. Истисно фақат темирйўл орқали Калининград вилоятидан Россияга ва орқага транзитда саёҳат қилувчилар учун амал қилади.

«Ушбу қарор билан биз шунга ўхшаш чекловларни жорий этган бошқа Европа Иттифоқи мамлакатларига қўшилдик», деб таъкидлади Литва ТИВ. Биометрик бўлмаган рус паспортлари Дания, Чехия, Эстония, Франция ва Исландия томонидан тан олинмайди.

Мавзуга оид