Спорт | 22:44 / 16.07.2025
5583
3 дақиқада ўқилади

Германияни жаҳон чемпиони қилган мураббий Ўзбекистон билан ишлаши мумкин

Норасмий маълумотларга кўра, германиялик мутахассис Йоаҳим Лёв Ўзбекистон футбол миллий жамоасига таклиф қилиниши мумкин. Таъкидланишича, унинг жамоадаги вазифаси формати муҳокама қилинмоқда.

Фото: Getty images

Футбол бўйича Германия миллий жамоасининг собиқ устози Йоаҳим Лёв Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) билан музокара олиб бормоқда. Бу ҳақда Россиянинг Sport24 нашри ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Қайд қилинишича, 65 ёшли мутахассис билан бош мураббийлик эмас, балки маслаҳатчи лавозими ҳам муҳокама қилинмоқда.

«Томонлар ўртасида алоқа мавжуд, Лёв ҳамкорликка очиқ. Лекин уни бош мураббий этиб тайинлаш ҳақида ҳозирча гап йўқ. Ўзбекистон унга миллий жамоанинг жаҳон чемпионатига тайёргарлигини назорат қилувчи маслаҳатчи вазифасини таклиф қилди», деди мутахассисга яқин манба.

«ЎФА ичида ягона позиция йўқ. Айрим мутасаддилар жамоага жаҳон чемпионати учун таниқли мутахассис керак, деб ҳисоблаб, Лёвни бош мураббийликка таклиф қилишни истамоқда. Аммо федерациядагиларнинг яна бир қисми Темур Кападзени олиб қолиш тарафдори: айнан у миллий жамоани жаҳон чемпионатига олиб чиққан. Кападзенинг ўзи ёрдамчи бўлишни истамаяпти ва агар Лёв бош мураббийликка тайинланса, жамоани тарк этиши мумкин», деди иккинчи суҳбатдош.

Манбага кўра, томонлар ўртасида маслаҳатлашувлар давом этмоқда: Лёвнинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги роли формати муҳокама қилинмоқда.

ЎФА Йоаҳим Лёв билан музокара ўтказаётгани ҳақида ёки бу ҳақдаги хабарларга изоҳ бермаган.

Йоаҳим Лёв 2006 йилда Германия миллий жамоасига бош мураббий этиб тайинланди. 2014 йилда жаҳон чемпионатида ғалаба қозонди. 2021 йилда Германия миллий жамоасини тарк этди ва шундан бери ишсиз.

Ўзбекистон миллий жамоаси 2026 йилги жаҳон чемпионати саралашини словениялик мураббий Сречко Катанец билан бошлади. Бироқ, у 2025 йил январ ойида соғлиғидаги муаммолар туфайли лавозимини тарк этди. Унинг ўрнига тайинланган ўзбекистонлик Темур Кападзе словениялик мутахассиснинг ишини муваффақиятли давом эттириб, миллий жамоа билан жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.

2026 йилги жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтказилади.

Мавзуга оид