Ўзбекистон | 07:40
557
3 дақиқада ўқилади

Кимёвий хавфсизлик тўғрисидаги қонун лойиҳаси эълон қилинди

"Кимёвий хавфсизлик тўғрисида"ги қонун лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Фото: Александр Мамаев/URA.RU

Қонун инсон ҳаёти ва соғлиғини зарарли таъсирдан, кимёвий моддалар билан ишлашдан, белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган ва давлат ҳисобига олинган кимёвий моддалардан иқтисодиёт, илмий-тадқиқот, тиббиёт ва қонун билан тақиқланмаган бошқа соҳаларда фойдаланишдан ҳимоя қилиш, маиший кимё ва бошқа кимёвий маҳсулотлар соҳасида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, кимёвий ишлар амалга оширилиши билан боғлиқ давлат манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини белгилайди

Кимёвий хавфсизликни таъминлаш қуйидаги тамойиллар асосида амалга оширилади:

  • хавфли кимёвий омилларнинг инсон саломатлиги ва атроф-муҳитга салбий таъсирини бартараф этиш ёки максимал даражада камайтириш учун кимёвий хавфнинг мақбул даражасини таъминлаш;
  • кимёвий хавфсизликни таъминлаш бўйича профилактика чораларининг устуворлиги;
  • кимёвий хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги давлат томонидан тартибга солувчи чора-тадбирларнинг мавжуд кимёвий таҳдидларга (хавфларга) мувофиқлиги, шунингдек кимёвий хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга оширишга тизимли ёндашув;
  • мамлакатнинг мудофаа қобилиятини таъминлаш учун зарур бўлган кимёвий моддаларни Ўзбекистон Республикасига олиб киришни чеклаш билан боғлиқ хавфларни зарарсизлантиришга қаратилган технологияларни устувор ривожлантириш.

Вазирлар Маҳкамаси:

  • кимёвий хавфсизлик соҳасида ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;
  • кимёвий хавфсизлик соҳасидаги давлат дастурларининг ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ҳамда амалга оширилишини таъминлайди;
  • давлат бошқаруви органларининг ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг кимёвий хавфсизлик соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради.
  • аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кимёвий таҳдидлар (хавфлар) билан боғлиқ фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш;
  • техник жиҳатдан тартибга солиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ кимёвий маҳсулотлар хавфсизлигига қўйиладиган талабларни белгилаш;
  • Вазирлар Маҳкамаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси:

  • кимёвий хавфсизликни амалга оширишда тегишли вазирлик ва идораларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради;
  • кимёвий хавфсизлик соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади;
  • кимёвий хавфсизлик соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва ишлаб чиқишда иштирок этади;
  • хавфли ишлаб чиқариш объекти тўғрисидаги маълумотлар базасини яратади, шунингдек, рўйхатга олинган хавфли ишлаб чиқариш объектлари ва ушбу объектлардан фойдаланувчи ташкилотлар тўғрисида тизимли ахборотни тўплайди ва таҳлил қилади;
  • Кимёвий қуролни ишлаб чиқиш, ишлаб чиқариш, тўплаш ва қўллашни тақиқлаш ҳамда уни йўқ қилиш ҳақидаги 1993 йилги Конвенциянинг бажарилишини таъминлайди;
  • кимёвий хавфсизликни таъминлашни бевосита амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи бошқа муассасалар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилади.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

Мавзуга оид