Жаҳон | 21:57 / 17.07.2025
2887
2 дақиқада ўқилади

Одамлар энг тез ва секин қарийдиган мамлакатлар аниқланди

Олимларнинг фикрича, соғлом қаришнинг асосий омиллари – жисмоний (ҳаво сифати) ва ижтимоий (жумладан, гендер тенглиги, ижтимоий-иқтисодий) ҳолат.

Фото: Getty images

Маълум бўлишича, яшаётган манзил одамнинг қаришини тезлаштириши ёки секинлаштириши мумкин. Буни Nature Medicine журналида чоп этилган янги тадқиқот натижалари кўрсатди, деб хабар берди Science Focus.

Янги илмий маълумотларга кўра, Дания одамларнинг секинроқ қариши ва соғлом турмуш тарзини олиб бориши учун энг яхши экологик, ижтимоий ва сиёсий шароитларни яратган. Ушбу тадқиқот давомида мутахассислар гуруҳи 40 мамлакатда яшовчи 160 мингдан ортиқ одам ҳақидаги маълумотларни таҳлил қилди.

Маълум бўлишича, Африка, Осиё ва Жанубий Америкага қараганда европаликлар соғлом қаришнинг энг юқори кўрсаткичларини намойиш этган. Соғлом қаришнинг энг паст кўрсаткичлари кам даромадли мамлакатларда кўпроқ учраган.

Шунингдек, Миср аҳолиси дунёда энг тез қариши аниқланган. Уларнинг ўртача тахмин қилинган ёши хронологик ёшидан 2,35 йилга кичик эди. Кейинги ўринларда Жанубий Африка ва Жанубий Америка давлатлари. Шунингдек, Европанинг шарқий ва жанубий қисмида ҳам одамларнинг тез қариши кузатилган.

Олимларнинг фикрича, соғлом қаришнинг асосий омиллари – жисмоний (ҳаво сифати) ва ижтимоий (жумладан, гендер тенглиги, ижтимоий-иқтисодий) ҳолат. Бундан ташқари, соғлом қариш сиёсатчиларнинг шахс манфаатларини кўзлаб иш тутиши, сиёсий партиялар эркинлиги ва сайлов ҳуқуқи, демократик сайловлар ўтказилиши билан чамбарчас боғлиқ.

Тадқиқот шуни кўрсатдики, тез қариган одамлар кундалик вазифаларни бажаришда 8 баравар кўпроқ қийинчиликларга дуч келади ва когнитив қобилияти тўрт баробар кўпроқ ёмонлашади.

Мавзуга оид