Ўзбекистон | 10:36
983
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги туризм элчиси тайинланди

Белгия пойтахтида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига тайёргарликнинг боришига бағишланган махсус тадбир бўлиб ўтди.

Фото: "Дунё" АА

Унда сайёҳлик салоҳияти тақдим этилди ва Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги туризм бўйича элчиси этиб тайинланган Антонио Бускардини таништирилди.

Ўзбекистон дипломатлари ўз маърузаларида сўнгги 40 йил ичида биринчи марта Париждан ташқарида бўлиб ўтадиган ЮНЕСКО Бош конференциясининг муҳим халқаро аҳамияти ҳақида тўхталди. Асрлар давомида мулоқот, бағрикенглик ва очиқлик рамзи бўлиб келган қадимий Самарқанд шаҳрида бундай нуфузли тадбирнинг ўтказилишининг муҳимлиги таъкидланди.

Ҳукумат томонидан бош вазир раислигида ташкилий қўмита тузилгани, "яшил" ечимлар режаси амалга оширилгани, виза тартиб-таомиллари соддалаштирилгани маълум қилинди.

Ўзбекистон бўлажак тадбирга халқаро ҳамкорлик ва алоқаларни мустаҳкамлаш, жумладан, ёшларни ривожлантириш, таълим ва меросни асраб-авайлаш соҳаларида узоқ муддатли сармоя сифатида қараши айтиб ўтилди.

Республиканинг маданий дипломатия ва барқарор туризмнинг янги маркази сифатидаги муҳим ролига эътибор қаратилди. Ўзбекистон дунёнинг етакчи университетларида таҳсил олаётган талабалар сони бўйича Марказий Осиёда биринчи ўринни эгаллаганига урғу берилди. Маданий меросни муҳофаза қилиш ва оммалаштириш соҳасидаги сиёсат, жумладан, Париж, Берлин, Венеция ва Европанинг бошқа шаҳарларида ўтказиладиган халқаро кўргазмалар орқали фаол амалга оширилмоқда.

Антонио Бускардинига Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги туризм бўйича фахрий элчиси этиб тайинланганини тасдиқловчи сертификатнинг топширилиши анжуманнинг муҳим қисми бўлди.

Мавзуга оид