Жамият | 17:34 / 17.07.2025
5117
2 дақиқада ўқилади

Пискентда банк кассири ҳайдовчилар тўлаган жаримани ўзлаштириб юборгани маълум бўлди

Қоидабузарлик қилган ҳайдовчилар туман ЙҲХБ биносидаги банк шохобчасига жаримани тўлаб кетаверган. Шохобча кассири эса тўланган пулларни ўзлаштириб юборган. Бунинг оқибатида ҳайдовчиларнинг жаримаси “ёпилмай” қолган. “6 ойдирки сарсонман, МИБ картамга ҳам, мулкимга ҳам тақиқ қўйди. Менга ўхшаганлар юзлаб экан”, дейди пули ўзлаштирилган ҳайдовчи.

Фотоколлаж: Kun.uz

Тошкент вилоятининг Пискент туманида банк кассири ҳайдовчиларнинг жарима учун тўлаган пулини ўзлаштириб юборгани аниқланди. Бу ҳақда Kun.uz’га мурожаат йўллаган фуқаро маълум қилди.

Унга кўра, жарима пулларини ўзлаштиргани айтилаётган С.Назарова Пискент тумани ЙҲХБ биносидаги банк шохобчасида ишлаган. 

Фуқаро Умид Қодиров 2024 йил 26 декабр куни Lacetti машинасида тезликни ошириб, радарга тушган. Унга 375 минг сўм жарима ёзилган. Ҳайдовчи жаримани чегирма билан тўлаган. Бироқ у тўлаган пул маблағи шохобча кассири томонидан ўзлаштириб юборилган.

3 та тўланган жаримам бор эди. МИБ картамга ва мулкимга тақиқ қўйиб қўйди. Суриштирсам мен кабилар юзлаб экан. 6 ойдирки сарсонман. Тергов 6 ой сурилиб, анча жабр кўрдик. Суддан кейин нима бўларкин, яна 6 ой юрмасмиканман, деган шубҳа бор-да”, дейди Умид Қодиров.

Пискент тумани прокуратураси фуқаро Умид Қодировнинг мурожаатига жавобан С.Назарова ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

Кассир ва бошқалар қанча миқдордаги жарима пулларини ўзлаштиришгани ҳозирча маълум эмас. Kun.uz жиноят иши тафсилотлари билан қизиқиб, Тошкент вилояти прокуратурасига сўров юборди.

Мавзуга оид