Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон ўртасида Трансафғон темир йўли бўйича битим имзоланди
Битим темир йўл лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини ишлаб чиқилишини назарда тутади.

Фото: Транспорт вазирлиги
Ўзбекистон, Покистон ва Афғонистон «Термиз - Ноибобод - Майдоншаҳр - Логар - Харлачи» йўналиши бўйича темир йўл лойиҳасининг техник-иқтисодий асосини (ТИА) ишлаб чиқиш тўғрисида ҳукуматлараро битимни имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» хабар берди.
Келишув 17 июл куни Кобулда уч давлат ташқи ишлар вазирлари иштирокида бўлиб ўтган уч томонлама саммитда имзоланган. Ҳужжатга Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов, Покистон темир йўллари вазири Муҳаммад Ҳаниф Аббосий ва Афғонистон муваққат ҳукуматида жамоат ишлари вазири вазифасини бажарувчи Муҳаммад Исо Соний имзо чекди.
Йўналиш 2023 йил июл ойида Исломободда лойиҳага аъзо давлатлар вакиллари томонидан келишилган. Халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш стратегиясининг учтомонлама лойиҳа офиси ТИА тайёрлаш билан боғлиқ ишларга буюртмачи бўлади. У 2023 йил май ойида Тошкентда ташкил этилган бўлиб, Кобул ва Исломободда филиалларига эга.
Трансафғон темир йўли лойиҳаси 17 июл куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидовнинг Афғонистон ички ишлар вазири вазифасини бажарувчи Сирожиддин Ҳаққоний билан учрашуви мавзуси бўлди. Саидов, хусусан, сўнгги бир йил ичида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми қарийб уч баробарга ошганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Афғонистон, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш ва турли соҳалардаги ҳамкорликни фаоллаштириш истиқболли ва бутун минтақа учун фойдалидир.
Ўз навбатида, Ҳаққоний Ўзбекистон томонидан кўрсатилган «яхши ният, конструктив ҳамкорлик ва биродарлик руҳини» юқори баҳолаб, темир йўл лойиҳасининг стратегик аҳамиятини қайд этди ва унинг бутун минтақада иқтисодий ўсишни рағбатлантириш салоҳиятини таъкидлади.
Биринчи марта 2018 йилда таклиф этилган Трансафғон темир йўли лойиҳаси Ўзбекистондаги Термиз шаҳрини Афғонистоннинг Мозори-Шариф ва Кобул шаҳарлари билан, сўнгра Покистоннинг Пешовар шаҳри билан боғлашга қаратилган. Қурилиш тугаллангач, темир йўл Афғонистон орқали 700 километрдан ортиқ масофага чўзилиб, Марказий Осиё ва Арабистон денгизи ўртасида тўғридан-тўғри қуруқлик йўналишини яратади. Лойиҳа қиймати дастлаб 5 млрд долларга баҳоланган, кейинроқ бу рақам 7 млрд долларга етказилган.
Лойиҳа Россия, Эрон ва халқаро молия ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланди. Ушбу йўналиш орқали Марказий Осиёдан Покистон портларига юкларни етказиб бериш вақти бир неча ҳафтадан бир неча кунгача қисқариши кутилмоқда.
Мавзуга оид

12:30
Ўзбекистон ва Покистон Бобурийлар сулоласи тарихи бўйича қўшма тадқиқот ўтказади

12:15
Бахтиёр Саидов Кобулда Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи билан учрашди

16:42 / 14.07.2025
Афғонистон халқаро миқёсда тан олиниши учун барча шартларни бажарганини эълон қилди

10:56 / 12.07.2025