Жаҳон | 21:55 / 18.07.2025
1331
3 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик собиқ дипломат хотинини қийноққа солгани учун 6 йилга қамалди

Сакен Мамаш асоссиз рашк туфайли хотини Каринага нисбатан мунтазам жисмоний зўравонлик ишлатгани, унинг бошқалар билан мулоқотини чеклагани, ҳар бир ҳаракатини назорат қилгани судда исботланди.

Қозоғистоннинг Остона шаҳри суди хотинини қийноққа солишда айбланган собиқ дипломат Сакен Мамашга ҳукм чиқарди, деб хабар берди Tengrinews.

Эркак 6 йилга озодликдан маҳрум этилди, у жазони ўрта хавфсизликдаги муассасада ўтайди. Суд, шунингдек, Мамашни биринчи даражали маслаҳатчи дипломатик унвонидан маҳрум этишга қарор қилди.

Мамаш ҳукм қилинган Қозоғистон Жиноят кодексининг 110-моддаси («Қийноққа солиш») иккинчи қисмида 4 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган эди.

Ҳукмдан маълум бўлишича, маҳкум 2019-2024 йиллар оралиғида асоссиз рашк туфайли мунтазам равишда Остонада, кейинчалик эса Абу-Дабида хотини Каринага нисбатан жисмоний зўравонлик ишлатган, танасининг турли қисмлари ва бошига мушт туширган. Шунингдек, хотинининг қариндошлари ва дугоналари билан мулоқотини чеклаб, унинг ҳаракатларини, қўнғироқларини ва ёзишмаларини назорат қилган. Мамашнинг айби жабрланувчи, гувоҳларнинг кўрсатмалари, эксперт хулосалари, видеоёзувлар, скриншот ва ишнинг бошқа материаллари билан исботланган.

«Майли, ҳис қилсин, балки тушуниб етар. У бунгача фақат куларди. Адолат қарор топди. Мени қўллаб-қувватлаган барча қизларга, менга мурожаат қилган ҳар бир инсонга, барча оммавий ахборот воситаларига миннатдорчилик билдираман. Ҳаммасини кўряпман, ҳаммасини ўқияпман. Мен ўз саҳифамга кам нарса жойлаганман. Яна бир бор катта раҳмат айтмоқчиман. Қизлар билишини истайман - севган жойда урмайдилар. Мамлакатда бундай инқироз марказлари ва чин дилдан ишлайдиган одамлар бўлса, ҳеч қандай иложсиз вазиятлар йўқ. Адолат ҳар доим ғалаба қозонади», деб ҳукмни изоҳлади Сакеннинг энди собиқ турмуш ўртоғи Карина Мамаш.

У эри томонидан мунтазам зўравонликка учраши ҳақида ўтган йилнинг баҳорида маълум бўлган эди. Шу вақтда Сакен Мамаш Қозоғистоннинг БААдаги элчихонаси маслаҳатчиси лавозимида ишлаётган эди. Хотинининг видеомурожаатидан сўнг, дипломат аввал ватанига чақириб олинди, кейинчалик устидан жиноий иш очилди.

Қозоғистонда оилавий зўравонлик мавзуси ўтган йили қабул қилинган аёллар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун фонида кенг муҳокама қилинмоқда. Бу қонун оилавий зўравонлик учун жазони кучайтирган. Бундан ташқари, республикада собиқ вазир Қувондиқ Бишимбоевнинг ўз фуқаролик турмуш ўртоғи Салтанат Нукеновани ўлдиргани ва бунинг учун 24 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳам кенг жамоатчилик эътиборини тортди.

Мавзуга оид