Жаҳон | 08:41
2403
2 дақиқада ўқилади

ХЖСдан Силуанов ва Набиуллинани ҳибсга олиш учун ордер бериш сўралди

Халқаро жиноий суддан Россия Федерацияси Украинанинг босиб олинган ҳудудларини назорат қилиш учун банк тизимидан қандай фойдаланаётганини текшириш сўралди. Мурожаат муаллифлари бунга алоқадорликда Россия Молия вазирлиги ва Марказий банки раҳбарларини айбламоқда.

Фото: AP

Ҳаагадаги Халқаро жиноий суддан Россия молия вазири Антон Силуанов ва Россия Марказий банки раҳбари Элвира Набиуллинани ҳибсга олиш учун ордер бериш сўралди. Мурожаат Американинг LexCollective нодавлат ташкилоти томонидан берилган бўлиб, уни тайёрлашда B4Ukraine жамоат ташкилотлари коалицияси ва Украина юридик маслаҳат гуруҳи иштирок этди, деб хабар берди Financial Times.

Мурожаат муаллифлари ХЖСни Россия Украинанинг босиб олинган ҳудудларини назорат қилиш учун банк тизимидан қандай фойдаланаётганини текширишга чақирди. Баёнотда Россиянинг учта банки — "Промсвязьбанк", ХҲБ ва РМБ раҳбарлари айбланган ҳамда Херсон вилоятининг Россия Қуролли кучлари томонидан босиб олинган қисми кейси кўриб чиқилган. Оккупацион «ҳокимият» Украина гривнасидан фойдаланишни тақиқлаб қўйди, маҳаллий аҳоли уни рублга сунъий паст ставкада алмаштиришга мажбур бўлди, бу эса Россия банкларини бойитди. Баёнотда айтилишича, ҳар қандай молиявий хизматлардан фойдаланиш учун банк ҳисобрақамини очишда маҳаллий аҳоли «Россияга содиқлик келтирган ҳолда» Россия фуқаролигини олиши керак бўлган.

Ҳужжат муаллифлари, шунингдек, ХЖСни Набиуллина ва Силуановга нисбатан «юқорида қайд этилган айбловлар бўйича, шунингдек, босқин ва босиб олишни молиялаштириш ва кўмаклашишдаги фаолияти муносабати билан» чора кўришга чақирди, деб ёзади FT. Нашрга кўра, мурожаатда марказий банк россиялик ҳарбий хизматчиларга тўловларни амалга ошириш учун Украинанинг босиб олинган ҳудудларида дала бўлинмаларини очгани айтилган.

Мавзуга оид