Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Экология вазирлиги Мурод Назаровнинг қурилишларида дарахтлар кесилиши ҳолатини текширишга чақирди
Ҳеч қанақа кўчат вояга етган катта дарахтнинг ўрнини босолмайди, “дарахтлар банки” амалиёти коррупция ва спекуляцияни юзага келтирилиши мумкин, дея баёнот берди Экология вазирлиги. Вазирлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни “жаноб Назаровнинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувлари”ни тўлиқ текширишга чақирди.

Фото: Kun.uz
Қурилиш соҳасидаги тадбиркор Мурод Назаровнинг дарахт кесишга жорий этилган мораторий ўрнига компенсацион экиш ва “дарахтлар банки” тизимини жорий этиш ҳақидаги таклифига Экология вазирлиги муносабат билдирди.
Вазирликнинг қайд этишича, Ўзбекистон денгиз ва океанларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида, кислород манбалари ва карбонат ангидридни ютиш имкониятидан маҳрум. Шу билан бирга, мамлакат ҳудудининг 60 фоизидан ортиғи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, иқлим ўзгаришларига нисбатан жуда заиф ҳисобланади.
Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида иқлим исиши глобал ўртача кўрсаткичлардан икки баравар тезроқ кетмоқда. Сўнгги 30 йилда минтақада ҳарорат 1,5°C га кўтарилган бўлса, бу глобал ўртача 0,7°C га тенг. Шундай шароитда яшил ҳудудлар экологик мувозанатни сақлашда ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, дарахт кесишга қарши мораторий айнан шу мақсадни кўзлаган, демоқда вазирлик.
Баёнотда айтилишича, ривожланган давлатлар тажрибаси дарахт кесишга қатъий чекловлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор шаҳарлашувнинг самарали воситаси эканини кўрсатмоқда:
- Германияда нафақат ўрмонлар, балки шаҳар дарахтлари ҳам қонун билан муҳофаза қилинган. Жамоат жойларидаги ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт учун 50 минг еврогача жарима белгиланади. Бундай ҳолатларда компенсацион чоралар қатъий назорат остида бўлади.
- Буюк Британияда дарахтни сақлаб қолиш бўйича берилган ордер (Tree Preservation Order) талаблари бузилган тақдирда, 20 минг фунтгача жарима ёки чекланмаган жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. 2023 йилда машҳур Sycamre Gap дарахтини кесган шахс 4 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
- Қозоғистонда Жиноят кодексининг 340-моддасига кўра, ноқонуний дарахт кесиш ойлик ҳисоблаш кўрсаткичининг 160 баравари (тахминан 1 181 доллар) миқдорида жарима ёки 40 кунгача ҳибс жазоси билан жазоланади. Мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин.
- Россияда Жиноят кодексининг 260-моддаси асосида 1 млн рублгача (12 770 доллар) жарима ёки 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд. Шунингдек, техника мусодара қилиниши ва зарар компенсацияси ҳам талаб қилинади.
“Бу мисоллар шуни кўрсатадики, ҳаттоки иқлими қулайроқ давлатларда ҳам дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича қаттиқ чора-тадбирлар мавжуд.
Таққослаш учун, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддасида фуқаро учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 25–50 баравари (738–1470 доллар), мансабдор шахс учун эса БҲМнинг 50–75 баравари (1470–2210 доллар) миқдорида жарима белгиланган. Шунинг учун мораторияни сақлаш ва кучайтириш экологик барқарорликнинг муҳим чораси сифатида кўрилмоқда”, – дейилади Экология вазирлиги баёнотида.
Вазирликка кўра, Мурод Назаров таклиф қилган компенсацион экишлар ва “дарахтлар банки” мавжуд мораторийга қуйидаги сабаблар туфайли тўлиқ алтернатив бўла олмайди:
Биринчидан, вояга етган дарахтни ҳеч қандай кўчат тўлиқ алмаштира олмайди — на CО₂ ютиш ҳажми, на микроиқлимга таъсири, на биологик хилма-хиллик бўйича. Европа атроф-муҳит агентлиги маълумотларига кўра, битта дарахт йилига 21 кг CО₂ ни ютади. Бирорта ҳам кўчат бу функцияни ўн йиллаб йиллар давомида бажара олмайди.
Иккинчидан, “дарахтлар банки” амалиёти сунъий равишда коррупция ва спекуляцияларни юзага келтириши мумкин. Human Rights Watch'нинг "Wild Money" (“Ёввойи пул”) тадқиқотига кўра, айрим мамлакатларда компенсацион экинлар ноқонуний дарахт кесишни яширишга хизмат қилмоқда. Ўзбекистонда эса компенсацион экинлар – мавжуд маъмурий ёки жиноий жавобгарликларга қўшимча чорадир, лекин муқобил эмас.
“Афсуски, айрим қурилиш соҳаси вакиллари экологик қонунчиликни четлаб ўтиш учун киноя билан айтганда “ижодкорона” ёндашувларни қўлламоқда. Масалан, дарахтларни сунъий қуритиш орқали кейин уларни қонуний тарзда кесишга уриниш – бундай амалиётларнинг яққол мисолидир”, – дея қайд этган вазирлик.
Экология органига кўра, мавжуд мораторияни қайта кўриб чиқишга уриниш, айниқса, компаниялар ўз фаолиятига ESG тамойилларини жорий этишга интилаётган, шунингдек, мамлакатда 2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган бир пайтда, афсус билан қарши олинади.
“Ўз чиқишида жаноб Назаров ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш бўйича турли “усуллар” қўлланилаётганини тилга олди. Шу муносабат билан, вазирлик унинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувларини атрофлича текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу ўрганиш натижалари унинг олдинги фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариш имконини беради, деб умид қиламиз.
Жаҳон амалиёти шундан далолат берадики, барқарор қурилиш яшил майдонларни йўқ қилиб, кейин компенсация қилишга эмас, аксинча, уларни сақлашга асосланади. Вазирлик конструктив мулоқотга тайёр, лекин давлат экологик сиёсатининг принципиал асосларини қайта кўриб чиқишга эмас”, – дея ўз баёнотини якунлаган Ўзбекистон Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги.
Аввалроқ депутат Бобур Бекмуродов мораторий муҳокама мавзуси эмаслигини таъкидлаганди. Бошқа бир депутат Жавлон Абдуллаев эса дарахтни тўсиқ деб кўриб, уни “муқобил экиш” орқали кесишни ўйлашни экологик жиноятга тенглаштирди. Экопартия вакилига кўра, 2025 йилнинг биринчи олти ойи давомида дарахтларни кесиш бўйича келиб тушган 3 235 та ариза рад этилгани натижасида 453 238 та дарахтни кесишнинг олди олинган.
Тадбиркор Мурод Назаров муҳокамалар ортидан Kun.uz'га интервю бериб, шаҳар жонли нарса экани, тақиқ эса ечим бўлолмаслиги, эртами-кечми у кўтарган масала барибир ҳукумат даражасида кун тартибига олиб чиқилишига ишонч билдирди.
Мавзуга оид

18:22 / 19.07.2025
Навоий шаҳрини заҳарли тутун қоплади. Одамлар нафас олиш имконсизлигини айтмоқда

20:19 / 18.07.2025
“Бу нарса барибир кўтарилади” – Мурод Назаров нега дарахтлар кесиш тартибини ўзгартиришни сўради?

17:16 / 18.07.2025
«Бу табиатга бешафқат муносабат» – депутат тадбиркор Мурод Назаровнинг таклифини танқид қилди

22:53 / 17.07.2025