Жаҳон | 14:13 / 19.07.2025
1945
2 дақиқада ўқилади

Германия Patriot тизимларини олиш учун навбатда биринчи бўлиб турибди

Оқ уй Patriot ҳаво мудофаа тизимларини олиш учун навбатда Германияни Швейцариядан олдинга чиқарди. Янги тизим тахминан саккиз ой ичида тайёр бўлади ва Украинага юборилади, деб ёзади Bild.

Фото: REUTERS

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти навбатдаги Patriot ҳаво мудофаа тизимларини олиш учун навбатдаги Германияни Швейцариядан олдинга чиқарди. Бу ҳақда 18 июл, жума куни The Wall Street Journal нашри уч юқори мартабали амалдорга таяниб хабар берди.

Швейцария Мудофаа вазирлиги аввалроқ Қўшма Штатлар Украинани қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида етказиб беришдаги «устуворликларни кўриб чиқишга» қарор қилганини тасдиқлаган эди. Швейцария Қўшма Штатлардан бешта Patriot тизимини сотиб олди, мамлакат уларни 2028 йилга қадар олиши кутилганди. Нашрнинг ёзишича, тизим Украинага жўнатилади, уни етказиб бериш учун эса Германия тўлайди.

Доналд Трамп 14 июл куни Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчилари Украинага ҳарбий юк етказиб бериш бўйича келишув тузганини, унга кўра Европа давлатлари Америка қуролларини, хусусан, замонавий Patriot тизимларини харид қилиб, Киевга топширишини билдирди.

НАТО бош котиби Марк Рюттенинг сўзларига кўра, Германия, Буюк Британия, Нидерландия, Дания, Швеция, Норвегия ва Канада етказиб бериш учун ҳақ тўлаш тарафдори бўлган.

Мавзуга оид