Жамият | 11:29 / 19.07.2025
4058
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда 3500 нафар она фарзандларига алимент тўлаб келмоқда — МИБ

Ўзбекистонда 3500 нафар аёл фарзандини таъминлаш учун алимент тўлаш мажбуриятини олган. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати Kun.uz’га маълум қилди.

Мажбурий ижро бюроси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатовга кўра, 2018 йилда алимент ва моддий таъминот ундирувлари бўйича жами 240 мингта ижро ҳужжати мавжуд бўлган бўлса, 2025 йилнинг 1-ярим йиллиги бўйича бу кўрсаткич 348 мингтани ташкил этиб, кейинги 7 йил давомида иш юритувдаги алимент бўйича ҳужжатлар 45 фоизга ўсган. Шундан 3500 нафар онадан алимент ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари қайд этилган.

Аёллар томонидан алимент тўланиши ҳолатлари бўйича энг кўп кўрсаткич Самарқанд вилоятига тўғри келади. Ундан кейинги ўринлардан Фарғона, Сурхондарё ва Андижон вилоятлари жой олган.

Маълумот учун, одатда алимент тўлаш мажбурияти эркаклар зиммасида бўлади. Бироқ суд қарорлари асосида болаларнинг васийлиги оталарига берилганда, баъзи ҳолатларда она алимент тўловчиси сифатида қайд этилади.

МИБнинг таъкидлашича, оналар томонидан алимент тўлаш ҳолатлари кам учраса-да, охирги йилларда алимент тўловчилар сони кўпайиши билан бирга бундай ҳолатлар сони ҳам ортиб бормоқда. Бюро бола ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ҳар икки томоннинг тенг жавобгарлигини таъминлашга ҳаракат қилмоқда.

“Бугунги кунда, Бюро органлари иш юритувида 348 мингдан ортиқ алимент ва моддий таъминот ундируви билан боғлиқ ижро ҳужжатлари мавжуд бўлиб, ҳар бир давлат ижрочисига ойига ўртача 147 тадан шу тоифадаги ижро ҳужжатлари тўғри келмоқда”, - дейилади МИБ хабарида.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда республика бўйича 3 мингдан ортиқ аёл алимент тўловчи ҳисобланган.

Мавзуга оид