Жаҳон | 21:18 / 19.07.2025
2499
2 дақиқада ўқилади

Трамп BRICS ташкилотига тезда барҳам бериш билан таҳдид қилди

Унинг таъкидлашича, АҚШ «ҳеч кимга ўзи билан ўйнашишга» рухсат бермайди, BRICS эса «тез заифлашмоқда».

Фото: REUTERS/Tyrone Siu

АҚШ президенти Доналд Трамп BRICS мамлакатларидан импортга қўшимча божлар жорий этиш бўйича ўтган ҳафта айтган таҳдидини такрорлади.

Бу сафар Оқ уй раҳбари агар улар қандайдир муҳим бирлашма тузишга қарор қилса, BRICS ўз фаолиятини жуда тез тугатишини айтди.

«Аслида олтита давлатдан иборат бўлган BRICS мамлакатлари гуруҳи ҳақида эшитганимда, уларга жуда қаттиқ зарба беришга қарор қилдим. Агар улар қачондир жиддий тарзда шаклланса, фаолияти жуда тез тугайди», деди Трамп.

Унинг таъкидлашича, АҚШ «ҳеч кимга ўзи билан ўйнашишга» рухсат бермайди, BRICS эса «тез заифлашмоқда».

BRICS (Brazil, Russia, India, China, South Africa давлатлари номининг бош ҳарфларидан тузилган қисқартма) 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан ташкил этилган бўлиб, кейинчалик унга Жанубий Африка қўшилган. 2024 йил 2 январ куни унга Миср, Эрон, БАА ва Эфиопия қабул қилинди. Ўзбекистон ушбу ташкилотда 2025 йил 7 июлдан бери ҳамкор давлат мақомига эга.

BRICS ташкилотида низом ва бош котиб йўқ. Ассоциация ишининг йўналишини белгилайдиган мамлакат ҳар йили ўзгаради: 2024 йили бу Россия эди.

Мавзуга оид