Ўзбекистон | 22:13 / 21.07.2025
2937
3 дақиқада ўқилади

Ҳибсга олинган Шароф Рашидов тумани ҳокими номидан пул ажратишга оид 5 та қарор имзолангани аниқланди

Шароф Рашидов тумани собиқ ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 8 июл куни пора билан тезкор тадбирда ушланганидан сўнг унинг номидан 5 та қарор имзоланган. Уларнинг барчаси пул ажратишга оид. Ҳолат юзасидан прокуратура терговга қадар текширув ҳаракатларини олиб бормоқда.

Жиззах вилояти Шароф Рашидов туманининг 2025 йил 8 июл куни ҳибсга олинган ҳокими номидан қарорлар имзолангани аниқланди.

e-qaror.gov.uz платформасига кўра, қарорларнинг 2 таси собиқ ҳоким Маҳмуд Холбўтаев қўлга олинган 8 июл куни, 3 таси эса 9 июл куни унинг номидан имзоланган. Уларнинг барчаси маҳаллий кенгаш қарори.

Жумладан, халқ депутатлари туман кенгашининг 2025 йил 8 июлдаги VII-10-94-3-46-K/25-сонли қарори билан туман Ободонлаштириш бошқармасига 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан ўтказиладиган байрам тадбирини юқори савияда ташкил этиш мақсадида туман марказий кўчасини тартибга келтириш ва байроқлар сотиб олишга 42 млн сўм, тумандаги кўп қаватли уй-жойларнинг таъмирталаб ҳолатга келиб қолган том қисмини таъмирлаш учун шифер сотиб олишга 70 млн сўм ажратиш белгиланган. Ушбу маблағ лотларни реализация қилишдан келиб тушган маблағларнинг маҳаллий бюджетнинг махсус ғазначилик ҳисобрақамига ўтказилган қисми ҳисобидан ажратилиши кўзда тутилган.

Маҳаллий кенгашнинг 2025 йил 8 июлдаги VII-10-95-3-46-K/25-сонли қарори билан туман ҳокимлиги моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида, девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, орг-техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 150 млн сўм ажратилган.

Шунингдек, кенгашнинг 2025 йил 9 июлдаги VII-10-96-3-46-K/25-сонли қарори билан туманда ташкил қилинган оила ва хотин-қизлар бўлимлари моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 100 млн сўм, VII-10-97-3-46-K/25-сонли қарори билан Тоқчилиқ маҳалласи Отчопар массивида сунъий қопламали мини футбол майдонини қуриш учун 200 млн сўм ва Қулписар маҳалласидаги маданият бўлимига қарашли бинони жорий таъмирлаш учун 400 млн сўм, VII-10-98-3-46-K/25-сонли қарори билан туман ҳокимлиги моддий техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида девонхона молларини харид қилиш жараёнида вужудга келган қарздорликларни қоплаш, орг-техника воситаларини таъмирлаш ҳамда хўжалик моллари харид қилишга 255 млн сўм ажратиш белгиланган.

Ҳолат юзасидан Жиззах вилояти прокуратураси расмий муносабат билдирди. Унга кўра, ушбу ҳолат юзасидан Шароф Рашидов тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Тўпланган ҳужжатлар бўйича қонуний қарор қабул қилиниши вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Эслатиб ўтамиз, Шароф Рашидов тумани ҳокими Маҳмуд Холбўтаев 10 минг доллар пора олаётганда қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилганди.

Мавзуга оид