Жаҳон | 18:47 / 21.07.2025
9523
3 дақиқада ўқилади

«Крокус Сити Ҳолл» теракти бўйича суд жараёни бошланди

Суд ёпиқ тарзда ўтказилади. Судланувчилар курсисида 19 нафар судланувчи, уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.

Фото: AP

Москванинг Иккинчи Ғарбий округ ҳарбий суди 21 июл куни «Крокус Сити Ҳолл» концерт залида содир этилган теракт бўйича жиноий иш юзасидан дастлабки ёпиқ эшитувларни бошлади. Бу ҳақда суд матбуот хизматига таяниб, ТАСС хабар берди.

Қайд этилишича, судда иштирокчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун мислсиз қаттиқ чоралар кўрилган.

«Крокус» теракти иши уч ҳакамдан иборат ҳайъат томонидан кўриб чиқилади. Иш материаллари 470 жилддан ортиқ бўлиб, дастлабки тергов давомида тўпланган ашёвий далиллар базаси, шунингдек, айбланувчиларга нисбатан 200 дан ортиқ турли хил экспертиза натижаларини ўз ичига олади.

Судланувчилар курсисида 19 нафар судланувчи: Фаридуни Шамсиддин, Далержон Мирзоев, Муҳаммадсобир Файзов, Саидакром Ражабализода, Умеджон Солиев, Мустақим Солиев, Шаҳромжон Гадоев, Зубайдулло Исмоилов, Ҳусайн Ҳамидов, Муҳаммадзоир Шарифзода, Ёқубжон Юсуфзода, Лутфуллои Назримад, Жумахон Қурбонов, Ҳусайн Медов, Жаброил Аушев, Алишер Қосимов, Исроил, Диловар ва Аминжон Исломовлар бор. Уларнинг аксарияти Тожикистон фуқаролари.

Терактнинг икки ташкилотчиси ва яна тўрт нафар иштирокчисига нисбатан тергов давом этмоқда.

2024 йил 22 март куни Россия Тергов қўмитаси «Крокус Сити Ҳолл» концерт залида содир этилган теракт бўйича терговни якунлади. Иш материаллари кейинчалик судга топшириш учун прокуратурага юборилган эди.

Тергов маълумотларига кўра, ҳужум пухта тайёрланган ва Россиядаги вазиятни беқарорлаштириш мақсадида «Украина раҳбарияти манфаатларини кўзлаб» амалга оширилган. Ҳужум ва ёнғин оқибатида 149 киши ҳалок бўлди, бир киши бедарак йўқолди, 609 киши жароҳатланди.

Тергов, шунингдек, гумонланувчилар гуруҳи яна бир ҳужум - Каспийскдаги (Доғистон) кўнгилочар мажмуани портлатишни режалаштиргани, бироқ бу жиноятнинг олди олинганини аниқлади.

Тергов маълумотларига кўра, «Крокус» ҳужумига тайёргарлик бир неча ой давом этган. Ижрочилардан баъзилари Россияга хорижда махсус тайёргарликдан ўтгандан сўнг келган, бироқ улар қайси мамлакатларда тайёрлангани маълум қилинмади.

Мавзуга оид