Жаҳон | 19:23 / 21.07.2025
3093
9 дақиқада ўқилади

Овқатдан заҳарланган Нетаняҳу, Москва осмонини ёпган дронлар ва Украинага маслаҳат берган Алиев – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Бинямин Нетаняҳу «яроқсиз» овқатдан заҳарланди

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу 20 июль куни «яроқсиз ёки бузилган» озиқ-овқатдан заҳарлангач, ичак яллиғланиши билан касалланди. Бу ҳақда хабар берган Исроил ҳукумати идорасига кўра, Нетаняҳу келгуси уч кун давомида уйида дам олади, бироқ давлат ишларини у ердан туриб давом эттиради.

Баёнотга кўра, 75 ёшли Нетаняҳу тунда ўзини ёмон ҳис қилган ва шифокорлар томонидан ичак яллиғланиши ҳамда сувсизланиш ташхиси қўйилган. Унга томир орқали суюқлик юборилмоқда.

«Шифокорлар кўрсатмасига биноан, бош вазир кейинги уч кунни уйида дам олиб ўтказади ва давлат бошқарувидаги фаолиятини уйдан давом эттиради», – дейилади Нетаняҳу идораси тарқатган баёнотда.

Reuters нашрининг қайд этишича, 2023 йилда Нетаняҳуга юрак стимулятори ўрнатилган эди. Ўтган йил декабрь ойида эса, сийдик йўллари инфекцияси аниқлангач, у простата безини олиб ташлаш бўйича операция қилинган.

The Jerusalem Post нашрига кўра, бош вазир «давлат ишларини уйдан туриб олиб бориши» шуни англатадики, у душанба ва сешанба кунларида белгиланган жиноят ишлари бўйича суд мажлисларида иштирок эта олмайди. Суд тингловлари энди фақат сентябр ойида, судлар таътилдан қайтгач, давом эттирилади.

Дронлар ҳужуми сабаб Москва осмони ёпилди

20 июлга ўтар кечаси Москвага украин дронларининг навбатдаги ҳужуми кузатилди. Шаҳар мэри Сергей Собянинга кўра, 19 июль куни соат 18:00 дан бошлаб Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари 20 дан ортиқ дронни уриб туширишга муваффақ бўлган. РФ мудофаа вазирлиги Москва региони устида уриб туширилган 19 та учувчисиз учиш қурилмаси ҳақида хабар берган, шундан 16 таси тўғри Москва томон учган.

20 июлга ўтар кечаси амалга оширилган ҳужум фонида Москвадаги Шереметево, Внуково, Домодедово ва Жуковский аэропортлари бир неча соат мобайнида самолётларни учириш ва қабул қилишга чекловлар ўрнатишга мажбур бўлди. Чекловлар натижасида жами 134 та самолёт захира аэродромларга йўналтирилган.

Рейслар кечикиши ва қолдирилишидан минглаб йўловчилар жабр кўрди. Маҳаллий пабликлар Шереметевода одамлар тўплангани акс этган видеони жойлаштирди, шунингдек Шереметево ва Внуководаги сунъий газонлар устида ухлаётган йўловчилар видеоси пайдо бўлди. Авиакомпаниялар ва аэропортлар вакиллари ҳам уйига етолмай қолиб кетган минглаб йўловчиларга ҳеч қандай маълумот бера олмаган.

Россия ҳам 20 июлга ўтар кечаси Украина ҳудудига дронлар билан ҳужум қилди. Украина қуролли кучлари ҳаво кучлари маълумотларига кўра, Украина ҳаво мудофааси 57 та дрондан 18 тасини уриб туширган, яна еттитаси «манзилга етиб бормасдан йўқолган ёки радиоэлектрон кураш воситалари билан бостирилган».

ОАВларга кўра, Украина дронларининг Россия ҳудудига ҳужумлари Володимир Зеленскийнинг Доналд Трамп билан телефон орқали мулоқотидан кейин тез-тез содир бўлмоқда.

Алиев Украинани «оккупацияга рози бўлмаслик»ка чақирди

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Шушадаги медиафорумда қилган чиқиши чоғида Украина ва украин халқини «ҳеч қачон оккупацияга рози бўлмаслик»ка чақирди.

«Бир неча йил олдин ўтказилган тадбирлардан бирида Украина вакилининг шунга ўхшаш саволига жавоб бериш имкониятига эга бўлганман. Ўшанда ҳам ҳозир айтадиган гапимни айтгандим. Ва менинг жавобим Украина ва украин халқининг интилишларига мос келади, деб ҳисоблайман. Ҳеч қачон оккупацияга рози бўлманг. Бу асосий маслаҳат. Биз айнан шундай йўл тутдик», – деди Алиев.

Илҳом Алиевнинг айтишича, масалага дипломатик ечим топиш учун тузилган ЕХҲТ Минск гуруҳи амалда Арманистонни қўллаб-қувватлаган ва статус-квони сақлаш учун барча чораларни кўрган. Озарбойжон эса «вақтни чўзишга уринишлар»га тоқат қилмай, 2020 йил мустақил қарор қабул қилган.

«Жамиятнинг бирдамлиги менга президент ва бош қўмондон сифатида куч берди. Мен халқнинг қўлловига ишондим. Катта эҳтимол билан, бу – ҳал қилувчи омил бўлди. Шундай қилиб, яна такрорлайман: ҳеч қачон таслим бўлманг», – деган Озарбойжон раҳбари.

2024 йил декабрь ойида Бокудан Грознийга учган Озарбойжон самолёти ҳалокатга учраб, ўнлаб инсонлар ҳалок бўлгач, Россия-Озарбойжон муносабатлари ёмонлашган эди. Озарбойжон томони самолётни Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари уриб туширганини таъкидлайди. Айни вақтда расмий Боку Москвадан бирорта ҳам аниқ жавоб олмагач, Россияга қарши халқаро судларга мурожаат қилиш жараёнларини бошлаган.

Ғазо фожиаси

Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, 2023 йил октябридан буён Исроилнинг Ғазо секторига қарши олиб бораётган геноцид характеридаги уруши оқибатида камида 58 895 нафар фаластинлик ҳалок бўлди.

Вазирлик баёнотига кўра, сўнгги 24 соат ичида касалхоналарга яна 130 жасад олиб келинган, 495 киши жароҳатланган. Шу билан уруш бошланганидан бери яраланганлар сони 140 980 нафарга етди. «Кўплаб қурбонлар ҳанузгача вайроналар остида ёки кўчаларда қолмоқда — қутқарувчилар уларга етиб бора олмаяпти», — дейилади баёнотда.

Хусусан, якшанба куни Ғазо секторининг шимолида БМТ ёрдам юк машиналарини кутаётган пайтда фаластинликлар Исроил армияси томонидан ўққа тутилди. Натижада 67 киши ҳалок бўлди. Бу ҳодиса, сўнгги ҳафталарда ёрдам олиш чоғида ҳалок бўлганлар сони бўйича энг йирик фожиалардан биридир.

Исроил армияси баёнотида, якшанба куни шимолий Ғазода минглаб одамлар тўпланган жойда ҳарбийлар томонидан «бевосита хавфни бартараф этиш» мақсадида огоҳлантирувчи ўқ узилгани айтилган.

Доҳада давом этаётган Ғазо бўйича сулҳ музокараларида ҳам олдинга силжиш кузатилмаяпти. Лекин, шу кунларда Вашингтонга ташриф буюрган Исроил разведкаси – Моссад раҳбари Давид Барнеа АҚШдан Ғазода қолаётган юз минглаб фаластинликларни бошқа мамлакатларга жойлаштириш борасида ёрдам сўраган.

Нетаняҳу бошчилигидаги ҳукумат бундай кўчиришнинг «ихтиёрий» бўлишини даъво қилаётган бўлса-да, АҚШ ва Исроилнинг ҳуқуқшунос экспертлари ҳам буни уруш жинояти деб баҳолаган. Исроил — Эфиопия, Индонезия ва Ливия билан Ғазодан катта миқдордаги фаластинликларни қабул қилиш борасида музокаралар ўтказган.

Камчаткада 7,2 магнитудали зилзила рўй берди

20 июль куни Тинч океанидаги Камчатка яримороли қирғоқларида давомли зилзилалар содир бўлди.

Россия Фанлар академияси геофизика хизмати маҳаллий вақт билан соат 18:28 да 6,7 магнитудали биринчи кучли силкинишни қайд этди. Бироз ўтгач 7,2 магнитудали зилзила содир бўлди. Яна тахминан 20 дақиқадан сўнг 6,7 магнитудали навбатдаги зилзила кузатилди.

Ҳар учала зилзила ҳам Россиянинг энг шарқий ҳудуди — Петропавловск-Камчатскийдан 160-169 километр узоқликда қайд этилган. Учала ҳолатда ҳам зилзила ўчоғи беш километр чуқурликда бўлган. Кейинги соатларда сейсмологлар 4,2 дан 6,3 гача бўлган ўндан ортиқ такрорий силкинишларни қайд этишди.

Маҳаллий аҳоли вакилларининг сўзларига кўра, зилзила пайтида уйлар қаттиқ силкиниб, хонадонлардаги мебеллар қулаб тушган. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳеч ким жабрланмаган.

Камчаткадаги бир неча аҳоли яшаш пунктлари учун цунами хавфи эълон қилинган. ФВВ маълумотига кўра, тўлқин баландлиги 60 сантиметрни ташкил этиши мумкин. Расмийлар қирғоқдан узоқлашиш кераклигини айтиб, аҳолини қирғоққа бориб цунамини томоша қилишдан қайтарди.

Эрдўған халқаро ҳамжамиятни Кипрнинг «ҳақиқий ҳолати»ни тан олишга чақирди

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған якшанба куни Шимолий Кипр Турк Республикасида нутқ сўзлаб, ушбу ҳудуд билан дипломатик, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни янада кучайтиришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, «турк кипрликларига қарши ўн йиллаб давом этган адолатсизликка барҳам берилиши керак».

«Улар йўлимизни тўсиш учун қайси эшикни ёпмасин, биз ҳар доим бошқа эшиклар очдик, янги йўллар топдик», — дея Эрдўғаннинг сўзларини келтирмоқда Анадолу нашри.

Кипр тинчлик операциясининг 51 йиллигига бағишланган тадбирда Эрдўған халқаро ҳамжамият оролнинг бўлиниб турган ҳақиқий ҳолатини тан олиши лозимлигини таъкидлади.

«Биз бунга эртами-кечми эришамиз, бунга қатъий ишонамиз», — деди у.

Эрдўған, шунингдек, Шимолий Кипр ва унинг ҳукумати билан мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий келажагини барпо этишда «тўлиқ ҳамжиҳатликда ҳаракат қилаётганини» билдирди. 

Мавзуга оид