Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазо секторида деярли ҳар куни гуманитар ёрдамга навбатда турганлар ҳалок бўлмоқда
У ерда озиқ-овқат тарқатишнинг янги тизими йўлга қўйилган – ва бу иш бермаяпти.

Jehad Alshrafi / AP / Scanpix / LETA
20 июл куни исроиллик ҳарбийлар Ғазо сектори шимолидаги «Зиким» назорат-ўтказиш пункти олдида тўпланган фаластинликларни ўққа тутди. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, камида 60 киши ҳалок бўлиб, 100 дан ортиқ киши яраланган. Бу маълумот ҳозирча бошқа мустақил манба орқали тасдиқланмаган.
Бу вақтда чегара ҳудудда БМТ Бутунжаҳон озиқ-овқат дастури томонидан юборилган инсонварлик ёрдамини олиб келган 25 та юк машинаси турганди.
The New York Times ёзишича, одамлар назорат-ўтказиш пункти атрофида якшанбага ўтар кечасиёқ йиғила бошлаганди, чунки олдинроқ шу ердан Ғазога ун ортилган машиналар ўтиши ҳақида миш-миш тарқалган. Юк машиналар карвони кўриниш берганида эса одамлар унга қараб талпинган. Исроил ҳарбийлари эса уларга қарата ўт очган – армия матбуот хизмати баёнотида бу «тўғридан тўғри хавфни бартараф этиш» зарурати билан изоҳланган. Армия Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигининг ҳалок бўлганлар ва яраланганлар сони бўйича маълумоти ишончли эканига шубҳа билдирган ҳамда ўз текширувини ўтказишга ваъда берган.
Ғазо ССВ бундан бир кун олдин, 19 июл куни исроиллик ҳарбийлар Ғазо гуманитар фондининг (GHF) инсонпарварлик ёрдамини тақсимлаш маркази яқинида камида 32 кишини ўлдиргани ҳақида хабар берганди. GHF объектларида бундай ҳолатлар икки ойдан (фонд Ғазода иш бошлаганига шунча вақт бўлди) буён деярли ҳар куни кузатилмоқда. Исроил армияси ҳар сафар ўнлаб кишилар ҳалок бўлгани ҳақидаги хабарларни шубҳа остига қўймоқда – шу билан бирга, аскарлар одамларни ўққа тутаётганини тан олмоқда.
GHF – Американинг нотижорий ташкилоти бўлиб, Исроил унга Ғазода инсонпарварлик ёрдамини тарқатиш ҳуқуқини тақдим этган. Ташкилот 2025 йил февралида айнан шу иш билан шуғулланиши учун махсус тузилган. Май ойида секторда GHF’нинг илк маркази иш бошлаганди – ҳозирга келиб уларнинг сони тўрттага етган. Ёрдамни тарқатиш билан БМТнинг Фаластинлик қочқинларга ёрдам кўрсатиш ва ишларни ташкиллаштириш бўйича Яқин Шарқ агентлиги (UNRWA) шуғулланган вақтда бундай ёрдам тарқатиш пунктлари сони юзлаб эди.
Исроил Ҳамас билан ҳамкорлик қилишда айблаб, UNRWA’нинг Фаластин ҳудудларидаги фаолиятини тақиқлаганди. Унинг бир неча ходимлари Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрда амалга оширган ҳужумида иштирок этган деб топилган.
GHF инсонпарварлик ёрдамини тақсимлаш оператори сифатида UNRWA ўрнини эгаллаши керак эди. У Исроил назорати остида ишлайди, Тел-Авив эса бунгача мунтазам равишда Ҳамас террорчилари кўп ҳолларда инсонпарварлик юкларини қўлга киритиб, кейин уларни Ғазо аҳолисига сотгани ёки ёрдамни фақат ҳаракатга содиқлигини билдирганларга берганини таъкидлаган.
GHF 2024 йил феврал ойида АҚШнинг Делавэр штатида рўйхатдан ўтган. Унга пастор, бизнесмен ва Доналд Трампнинг собиқ маслаҳатчиси Жонни Мур раҳбарлик қилмоқда. Фаолият хавфсизлигини Safe Reach Solutions хусусий компанияси таъминлайди. Лойиҳа қандай молиялаштирилаётгани охиригача аниқ эмас. Кўплаб мамлакатлар ва гуманитар ташкилотлар у билан ишлашдан бош тортмоқда. АҚШ июн ойида Давлат департаменти орқали 30 миллион доллар миқдорида молиялаштиришни маъқуллаган, бироқ пул ҳали келиб тушмаган.

Eyad Baba / AFP / Scanpix / LETA
The Wall Street Journal мухбири Исроил мудофаа армияси билан келишилган ҳолда GHF марказларидан бирига ташриф буюриб, гуманитар ёрдамнинг тақсимланишига гувоҳ бўлди. Унинг таърифлашича, дарвоза олдида бир неча минг кишилик оломон кутиб турган: «Дарвоза очила бошлаши билан одамлар олдинга интилди. Соқчилар уларни тўхтатишга ҳаракат қилишди, аммо бу ҳаракатлар беҳуда кетди. Одамлар югуришар, баъзилари мотоциклда ҳаракатланар, қутиларни олишарди. Кимдир ўқ узади – лекин ким ва кимга ўқ узгани номаълум. 15 дақиқадан сўнг марказ бўшаб қолди».
GHF озиқ-овқат тўпламларида – ун, шакар, макарон, гуруч, ловия, сариёғ, тунец балиғи, печене бор. Ҳайвон оқсили деярли йўқ. WСЖ мухбири таъкидлашича, озиқ-овқат ҳаммага етмайди ва ҳар сафар тиқилинч бўлади.
Исроиллик аскарлар WSJ учун интервюда «рухсат этилган маршрут»га риоя қилмаганларга ўт очилишини тан олишган. Аскарлардан бири оқ байроқ кўтарган одамларга ўқ узилганига гувоҳ бўлганини айтиб берган – чунки улар ҳарбийларга жуда яқин келишган. Унинг сўзларига кўра, буйруқларда аввалига ҳавога ёки оёққа ўқ узиш айтилади, аммо «хатоликлар бўлиб туради».
GHF’нинг таъкидлашича, у Исроил томонидан одамлар қаерга бориш мумкин эмаслигини олдиндан билиши учун марказларга бориш йўлларини аниқ белгилашни бир неча бор сўраган. Исроил тўсиқлар ва белгилар ўрнатишга ваъда берган, аммо WSJ журналистлари бундай ўзгаришларга гувоҳ бўлмади.

Eyad Baba / AFP / Scanpix / LETA
Ёрдам тарқатиш жараёнини яхшилаш учун GHF «сигнал байроқлари»ни жорий қилди: қизил – пункт ёпиқ, яшил – очиқ. WSJ кузатган тарқатиш пайтида марказда қизил байроқ осилганди – аммо одамлар барибир дарвозага бостириб киришган. Аскарлар дрон ёрдамида нима бўлаётганини кузатиб туришган. Ҳеч ким навбатда туришга уринмаган ҳам.
GHF ўз марказларига навбатдаги тартибсизликлар кўпинча Ҳамас томонидан уюштирилишини қайд этган. Фонд маълумотларига кўра, июн ойида жангарилар унинг фаластинлик ходимлари бўлган автобусга ҳужум қилиб, камида саккиз кишини ўлдирган. Июл ойида граната портлаши натижасида икки америкалик қўриқчи яраланганди.
Ҳамас дастурни тўхтатиш ҳамда ёрдам тарқатиш ваколатини БМТга қайтаришни талаб қилмоқда. Улар GHF’ни ортида Исроил турган сохта ташкилот деб ҳисоблайди.
Мавзуга оид

12:50 / 22.07.2025
Исроил кучлари Ғазода тинч аҳолини ўққа тутди: 132 киши ҳалок бўлди

12:06 / 22.07.2025
Белгияда исроиллик аскарлар Ғазодаги жиноятлари учун ҳибсга олинди

11:16 / 22.07.2025
Ғазодаги Фаластин ҳукумати: Эксклав аҳолиси оммавий ўлим ёқасида

23:30 / 21.07.2025