Авто | 09:21
1900
2 дақиқада ўқилади

Электромобиллар савдосининг энг катта ўсиши қайси ҳудудда қайд этилгани маълум бўлди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази 2025 йилнинг биринчи ярми якунлари бўйича Ўзбекистон автомобил бозори динамикаси бўйича таҳлил натижаларини эълон қилди.

Фото: X / BYDGlobal

Янгиланган маълумотларга кўра, жорий йил май ойига нисбатан июн ойида енгил автомобиллар савдоси ҳажми 3 фоиздан кўпроққа ошган бўлиб, бу 80 мингта автомобил бирлигига тўғри келади.

Ёз бошида кузатилган муайян даражадаги тикланишга қарамай, жорий йилнинг биринчи олти ойи давомида енгил автомобиллар савдосининг жами ҳажми тахминан 446 минг донадан иборат бўлди, бу эса 2024 йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга камдир.

Бундай пасайиш, асосан, савдоларнинг катта қисми тўғри келадиган иккиламчи бозордаги фаолликнинг сусайиши билан изоҳланади ва айнан шу омил умумий бозор фаолияти пасайишининг асосий сабаби бўлди.

Бирламчи енгил автомобиллар бозорида савдолар ўтган ойга нисбатан 10 фоиздан зиёдга ошиб, 2,6 мингта автомобилга кўпайди.

Маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси эса 23,7 минг донага етди ва бу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 15,6 фоизга ўсганини кўрсатади.

Янги хорижий енгил автомобиллари сегментида салбий динамика кузатилди – ойлик савдо ҳажми тахминан 4 минг донани ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 12,6 фоизга камайган.

Июн ойида 52 минг донадан ортиқ фойдаланилган енгил автомобиллар сотилди, бу май ойига нисбатан атиги 0,4 фоизга кам, иккиламчи бозорда йиллик ўсиш 1,3 фоизни ташкил этди.

Июн ойида енгил электромобиллар савдоси 5,1 минг донага етди, бу май ойига нисбатан 1,7 фоизга кам. Ойлик бироз камайишга қарамай, йиллик кўрсаткичларда бозор барқарор динамикани намоён этмоқда. Биринчи ярим йиллик якунларига кўра, сотилган электромобиллар ҳажми 28,8 минг донага етди, бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 62,6 фоизга кўпдир.

Электромобиллар савдосининг энг катта ўсиши Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди.

Мавзуга оид