Ўзбекистон | 20:45 / 23.07.2025
12435
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон талабаларга Ўзбекистондаги тиббий олийгоҳда ўқимасликни тавсия қилди

Гап Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиали ҳақида кетмоқда. Олийгоҳ ҳиндистонликларнинг хавотирларини «асоссиз» деб атади.

Фото: Getty images

Ҳиндистонда талабаларга Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиалида таълим олмаслик қатъий тавсия қилинди. Ҳиндистон Миллий тиббий комиссияси (HMC) абитуриентларга шу ҳақда огоҳлантириш берди, деб ёзди The New Indian Express.

Бу муассаса Ҳиндистоннинг тиббий таълим стандартларига жавоб бермаслиги маълум қилинган. Шунингдек, рўйхатда Белизнинг учта университети ҳам бор.

Ушбу университетларда зарур академик ва клиник стандартлар йўқлиги, зарур инфратузилма йўқлиги, талабалардан ҳаддан ортиқ тўлов олиниши, ўқув шароити ва таълим сифати борасида ёлғон маълумотлар берилгани айтилган. Таъкидланишича, баъзи талабалар ўқишни тарк этмоқчи бўлганда, уларга босим ўтказилган.

Чет элда тиббиёт соҳаси бўйича ўқиётган ҳиндистонликлар Хорижий тиббиёт битирувчиси лицензиати (FMGL) қоидаларига қатъий риоя қилиши зарур. Бу қоидалар курс давомийлиги, ўқув дастури, таълим тили, клиник тайёргарлик ва амалиётни қамраб олади. Ушбу шартларни бажармаслик Ҳиндистонда тиббиёт билан шуғулланишга рухсат берилмасликка сабаб бўлиши мумкин.

Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиали ушбу хабарга муносабат билдириб, олийгоҳда академик ва клиник стандартларга қатъий риоя этилаётганини маълум қилди.

Қайд қилинишича, ҳозир филиалда 5 нафар ҳиндистонлик, 1 нафар иорданиялик, 8 нафар покистонлик ва 7 нафар мисрлик талаба таълим олмоқда.

Таъкидланишича, таълим жараёни Ўзбекистондаги амалдаги тиббий таълим стандартлари ҳамда Жаҳон тиббий таълим федерацияси (WFME) талабларига мос келувчи замонавий ўқув дастурлари асосида ташкил этилган.

Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиали Ҳиндистон Миллий тиббий комиссияси (НМC) томонидан билдирилган хавотирларни асоссиз эканини таъкидлаган.

«Биз Ҳиндистон билан таълим соҳасидаги дўстона ва самарали ҳамкорликни янада мустаҳкамлашдан манфаатдормиз ва исталган текширув ҳамда мулоқот учун очиқмиз», дейилади хабарда.

Мавзуга оид