Ўзбекистон | 16:19 / 23.07.2025
13528
3 дақиқада ўқилади

Наманганда сигир ёш болани сузиб, ўлдириб қўйишига сал қолди

Сигир фарзандини қутқаришга келган онага ҳам ҳужум қилиб, унга жароҳат етказган. Тажовузкор сигирни ажратиш учун кўпчилик бўлиб ҳаракат қилишга тўғри келган. Юраги бўшларга видеони кўриш тавсия этилмайди.

Фото: Kun.uz

Янгиқўрғон туманининг Баркамол маҳалласида сигир ёш болаларга ҳужум қилди. Воқеа шу атрофдаги кузатув камераларига ёзилиб қолган.

Kun.uz’га келиб тушган видеолавҳада кўринишича, ҳолат 2025 йил 16 июл куни соат 18:45 лар атрофида содир бўлган. 4-5 чоғли бола уй олдида ўйнаб ўтирган. Шу пайт ҳовли олдида сигир пайдо бўлган. У ўтиб кета туриб, кутилмаганда болалардан бирига ҳужум қилган.

Сигир аввалига болани икки бор сузган. Сўнгра уни босиб ўтган. Сигир фарзандини қутқариш учун уйдан югуриб чиққан аёлга ҳам ҳужум қилган. Тажовузкор сигирни ажратиш учун кўпчилик бўлиб ҳаракат қилишга тўғри келган.

Ҳолат юзасидан Наманган вилояти ИИБ расмий ахборот берди. Унга кўра, жорий йил 16 июл куни Янгиқўрғон туманининг Баркамол маҳалласида яшовчи, 1968 йилда туғилган фуқаро А.О. ўзига тегишли бўлган қорамолларни бошқа ҳудуддаги ер участкасидан яшаш уйига олиб келаётган бўлган. Шу вақтда сигир яшаш уйи олдида ўйнаб юрган 2023 йилда туғилган Х.Р. ва уни ҳимоя қилмоқчи бўлган онаси 1989 йилда туғилган фуқаро А.Д.ларни сузиб, тан жароҳати етказган.

Янгиқўрғон туманлараро суд тиббий экспертизасининг хулосасида фуқаро А.Д.га ўртача оғир ва вояга етмаган Р.Х.га енгил тан жароҳати етказилганлиги кўрсатилган.

Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Наманган филиалининг маълумотига кўра, жабрланувчиларга 18 июл куни яшаш уйига рухсат берилган. Она ва қиз яшаш уйида амбулатор шароитда даволанмоқда.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Янгиқўрғон тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 110-моддаси (Ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш) 2-қисмига кўра, аҳоли пунктларида ҳайвонларни сақлаш қоидаларини бузиш фуқароларнинг соғлиғига зарар етишига олиб келса, фуқароларга БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима қўлланади. Яъни оқибати ҳар қанча жиддий бўлмасин ҳайвон эгаси жарима билан қутулиб қолади.

Жиноят кодексида ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш учун жавобгарлик бор. Бироқ ҳайвонларнинг (шу жумладан уй ҳайвонларининг) одамларга нисбатан шафқатсизлиги учун уларнинг эгаларига нисбатан ҳеч қандай жазо йўқ.  

Мавзуга оид