Ўзбекистон | 11:19 / 24.07.2025
1872
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ҳамширалар Британияга ишга жалб этилиши мумкин

Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Уэлснинг CAVC English Academy коллежи вакиллари Алун Реес, Тереза Бразертон ва Бэн Гарнер билан онлайн учрашув ўтказди.

Фото: "Дунё" АА

Унда Ўзбекистондан Буюк Британияга қонуний ишчи кучини жалб қилиш, мигрантларнинг касбий таълим ва инглиз тили кўникмаларини эгаллашини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшма лойиҳалар кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон ҳамшираларига касбий инглиз тилини ўргатиш орқали уларни Буюк Британия соғлиқни сақлаш тизимида ишга жойлаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Уэлс томони Ўзбекистонда меҳнат миграцияси соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, вилоятлардаги тайёрлов курслари ва меҳнат мигрантларига яратилган қулайликлар ҳақидаги маълумотлар билан танишди.

Британия томони, ўз навбатида, Ўзбекистон билан касбий таълим йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйишдан мамнун эканлигини билдириб, мамлакат ҳамшираларининг инглиз тили билиш даражасини оширишда амалий ёрдам беришга тайёрлигини тасдиқлади.

CAVC English Academy Уэлсдаги энг йирик касбий таълим муассасаларидан бири ҳисобланади. Ўқув дастурлари турли соҳа вакиллари учун мўлжалланган. Муассаса 20 йилдан бери фаолият юритади ва ҳар йили 30 мингдан ортиқ ўқувчи учун юзлаб курсларни таклиф қилади.

Мавзуга оид