Жаҳон | 21:18 / 25.07.2025
10009
7 дақиқада ўқилади

Дунёда яна бир уруш – Таиланд ва Камбоджа ўртасида

Улар нимани талашмоқда?

Камбоджанинг чегара ҳудуди, 25 июл. Heng Sinith / AP / Scanpix / LETA

Таиланд ва Камбоджа чегарасида иккинчи кундирки артиллерия ва авиациядан фойдаланган ҳолда жанглар давом этмоқда. Ҳалок бўлганлар ва ярадорлар сони – ҳам ҳарбийлар, ҳам тинч аҳоли вакиллари қўшиб ҳисобланганда юздан ошиққа баҳоланмоқда. Таиландда 100 мингдан ортиқ, Камбоджада 40 мингга яқин одам чегара ҳудудларидаги уйларидан эвакуация қилинган.

Жанглар Жануби-Шарқий Осиёнинг қоқ марказидаги Дангрек тоғларида икки давлат ўртасидаги баҳсли чегара бўйлаб кечмоқда.

Можаронинг ҳозирги босқичи 23 июл куни Таиланд аскари Камбоджа томонидан ўрнатилган минани босиб олиб портлаб кетиши ва оёғидан айрилиши билан бошланди. Ўша куни Таиланд Пномпендаги элчисини чақириб олди ва Камбоджа элчисини Бангкокдан чиқариб юборди.

24 июл тонгида чегарада отишма рўй берди. Таиланд томони версиясига кўра, камбоджалик аскарлар отряди мамлакат ҳудудига бостириб киришга уринган – ва ўт очиш билан қарши олинган. Камбоджа версиясига кўра, дастлаб таиландлик аскарлар ҳужум қилган. Камбоджа «Град» баравар ўт очиш реактив тизимларидан ўт очган — Таиланд томонига кўра, снарядлар аҳоли яшаш жойларига келиб тушган. Таиланд бунга жавобан нафақат артиллерияни ишга солди, балки ҳарбий авиация самолётларини ҳам ҳавога кўтарди. Икки томон бир-бирини тажовузкорлик, провокация ҳамда фуқаролик объектларига ҳам ҳужум уюштириш орқали ҳарбий жиноятлар содир этишда айбламоқда.

Можаро ҳали ҳам чегаравий бўлиб қолмоқда, аммо унинг тўлақонли урушга айланиш хавфи жуда юқори.

Таиланд ва Камбоджа ўртасидаги можарога 100 йилдан ошди. У XX аср бошларида француз ҳинд-хитой мустамлакаси (ҳозирги Камбоджа, Лаос ва Ветнам) ва Сиам қироллиги (ҳозирги Таиланд) ўртасидаги чегарани белгилайдиган хариталардаги тафовутлар туфайли пайдо бўлган. Баҳсли ҳудудда Дангрек тоғларидаги бир нечта қадимий ҳинд ибодатхоналари, жумладан, IX асрда асос солинган Прэахвихеа жойлашган. Бу ибодатхона можаронинг рамзий марказига айланди.

1962 йилда Ҳаага халқаро суди ибодатхонанинг ўзини Камбоджага ҳукм қилди, аммо унинг атрофидаги ҳудуд баҳсли бўлиб қолди. 2008 йилда Прэахвихеа Камбоджанинг аризасига биноан ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган. Таиландда буни провокация сифатида қабул қилишди.

2008 йил ёзида иккала томон ҳам ибодатхона атрофида қўшин тўплай бошлади. Июл ойида биринчи қуролли тўқнашув юз берди, натижада бир неча аскар ҳалок бўлди. Кейинги йиллар давомида иккала давлат ҳам ўз позицияларини мустаҳкамлади, ҳарбий лагерлар қурди ва ҳудудни миналаштирди. Отишмалар мунтазам равишда бўлиб турган, баъзан ҳарбийлар ва тинч аҳоли орасида қурбонлар кузатилган.

Прэахвихеа ибодатхонаси
AKP / AFP / Scanpix / LETA

Энг катта эскалация 2011 йилда рўй берган ва у кўп жиҳатдан ҳозиргисига ўхшайди: навбатдаги отишма артиллерия ва ракета қурилмаларидан фойдаланган ҳолда ҳақиқий жангларга айланганди. Мактаблар, турар жой бинолари вайрон қилинганди. Ибодатхонанинг ўзи ҳам зарар кўрган. 20 дан ортиқ киши ҳалок бўлган, чегаранинг ҳар икки томонидан минглаб аҳоли эвакуация қилинган.

Камбоджа БМТга мурожаат қилиб, халқаро аралашувни талаб қилди. Таиланд эса, аксинча, масала икки томонлама музокаралар доирасида ҳал этилиши кераклигини таъкидлади. Вазиятга Жануби-Шарқий Осиё давлатлари ассоциацияси, сўнгра Камбоджа сўрови билан Ҳаага халқаро суди аралашишга ҳаракат қилди. 2011 йилда суд иккала томон ҳам можаро ҳудудидан қўшинларини олиб чиқиб кетиши ва халқаро кузатувчиларга рухсат бериши кераклиги ҳақида қарор чиқарди. Амалда бу талаблар қисман бажарилди, вазият кескинлигича қолди ва ҳар икки давлат ҳам ҳудудда аскарларни ушлаб туришда давом этди.

2013 йилда суд нафақат Прэахвихеа ибодатхонасининг ўзи, балки унга туташ ҳудуд ҳам Камбоджага тегишли деб топди. Таиланд мамлакатдаги ўнг кучларнинг кескин норозиликларига қарамай, бу қарорни қабул қилди.

Прэахвихеа Таиланднинг нафақат ташқи, балки ички сиёсатида ҳам муҳим тимсолга айланди: миллатчилар уни қайтариш кераклигини, либераллар эса Камбоджа билан яхши қўшничилик муносабатларини ўрнатиш кераклигини таъкидлаб келади.

Янги эскалация 2025 йил баҳорида бошланди. Таиланд ҳарбийлари бир гуруҳ камбоджалик зиёратчиларни ибодатхонага киритмади. Бунга жавобан Пномпен Таиланддан мевалар импортини тақиқлади ва чегара ҳудудларида интернетни ўчирди. Ўшанда Таиланд бир нечта чегара ўтиш жойларини ёпганди. Яна отишма рўй берди, камбоджалик аскарлардан бири ҳалок бўлди. Иккала томон ҳам, одатдагидек, бир-бирини айблади.

Кейин Таиландда сиёсий инқироз бошланди. Июн ойида Таиланд бош вазири Пэтонгтарн Чинават ва Камбоджа сенати раиси Хун Сен ўртасидаги телефон суҳбати матбуотга эълон қилинди. 72 ёшли Хун Сен кўп йиллар давомида Камбоджанинг ҳарбий диктатори бўлган, 2023 йилда бош вазир лавозимини расман ўғлига топширган, аммо амалда Камбоджа сиёсатининг энг муҳим арбоби бўлиб қолмоқда. 38 ёшли Пэтонгтарн собиқ бош вазир Таксин Чинаватнинг қизи бўлиб, у халқ орасида нуфузга эга бўлмаса-да, ҳокимиятни асосан отасининг машҳурлиги ва бойлиги туфайли қўлга киритганди.

Пэтонгтарн Чинават Хун Сенни Таиланд Камбоджа билан можаронинг кескинлашишини истамаслигига ишонтирди ва эскалация учун масъулиятни «зўр бўлиб кўринишни истайдиган» ҳарбийларга юклади. Ҳарбийлар эса Таиланддаги асосий сиёсий кучдир (мамлакатда ҳарбий тўнтаришлар ўртача беш-етти йилда бир марта содир бўлади) ва ҳеч бир фуқаролик сиёсатчиси улар билан зиддиятга боришга журъат эта олмайди. Пэтонгтарннинг ҳукмрон коалициядаги иттифоқчилари уни армияга ҳурматсизликда ва Камбоджага нисбатан жуда юмшоқ муносабатда бўлганликда айблаб, ундан узоқлашишга шошилишди.

1 июл куни Конституциявий суд Пэтонгтарн Чинаватни ҳокимиятдан четлатди. Янги ҳукуматни аслида ҳарбийлар шакллантирди – Таиландда бу сиёсий инқироздан чиқишнинг одатий усули, фақат бу сафар Бангкок кўчаларига танкларни олиб киришга ҳожат бўлмади. Собиқ мудофаа вазири Пумтам Вечайчай ҳукуматнинг вақтинчалик раҳбари бўлди.

Агар ҳозирги эскалация кенг кўламли урушга айланиб кетадиган бўлса, унда Камбоджа яхши истиқболга эга эмас. Таиланд анча катта (Камбоджанинг 18 миллион аҳолисига нисбатан 66 миллион), бойроқ (ЯИМ – 150 миллиардга нисбатан 1,8 триллион доллар) ва яхшироқ қуролланган. Камбоджада ҳаво кучлари деярли йўқ, Таиландда эса Америкада ишлаб чиқарилган ўнлаб F-16 самолётлари мавжуд. Бундан ташқари, Дангрек тоғлари Таиланд томондан текис, Камбоджа томондан эса жарликлардан иборат, шунинг учун Таиландга баландликдаги позицияларни жиҳозлаш ва қуруқликдаги ҳужумни амалга ошириш анча осон бўлади.

Мавзуга оид