Ўзбекистон | 23:01 / 25.07.2025
3917
6 дақиқада ўқилади

Қиммат бензин, шароити йўқ поездлар ва муаммоли УзИМEИ — Истеъмолчи ҳуқуқи ҳимоя қилиняптими?

Kun.uz айни Рақобат қўмитаси вакиллари ҳамда иқтисодчи билан Ўзбекистонда истеъмолчи ҳуқуқларига доир муҳим мавзуларни жонли эфирда муҳокама қилди. Юқорида санаб ўтилган масалалардан ташқари, чиқинди тўловининг электрга боғланиши, такси нархларининг кескин ошиб кетиши, қолаверса, электр токи билан боғлиқ тарифлар ишга тушишида компенсация тўланиши кабилар ҳам муҳокама мавзуси бўлади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Суҳбатда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчи ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг бошқарма бошлиқлари Улуғбек Давлетов ҳамда Элмурод Ҳайитметов ва иқтисодчи Отабек Бакиров иштирок этди. Қуйида интервюдан шарҳ келтирилади.

Дастлаб муҳокамада АИ 80 бензини биржада рекорд нархларни ураётгани ҳақида гаплашилди. Гап шундаки, жаҳонда нефт нархи ошса ҳам, тушса ҳам, Ўзбекистонда бензин фақат қимматлашади.

Улуғбек Давлетовнинг тушунтиришича, бугунги кунда бензин биржада кунлик 1 700-1 900 тоннадан қўйиб келиняпти. Ундаги нархлар бошланғич нархга нисбатан 15 фоизгача ошган. Ҳозир маҳсулотнинг бир тоннаси 10 миллион 600 минг сўмга чиққани айтилди.

Бу ерда энг қизиқарли масала “биржада нархлар 15 – 13 фоизга ошди” деяпмиз, лекин чакана нарх ўзгармаяпти. Масалан, “заправка”ларни кўрган бўлсангиз, 80 бензиннинг чакана нархида ўзгариш деярли йўқ.

Бунинг ҳам асосий сабаби, энди бу яширадиган масала эмас, ҳаммамизнинг хабаримиз бор, олдин спред қўйилганди. Яъни қўмита томонидан 5 фоиз миқдорда бошланғич нархнинг энг ўсиш чегараси белгилаб берилганди. Ўтган ойда шу нарсани олиб ташладик.

Бунинг ҳам асосий сабаби олиб ташлашимиздан, бу ҳар йили 80 бензинига бир мавсумий тебраниш бор. Бизда ҳамманинг хабари бор, қиш келавердими, ўша метан заправкаларига тақчиллик бошланиб, ёпилиши бошлангандан кейин 80 га талаб ошади, ҳамма 80 га ўтиб кетганидан кейин 80 нинг нархи ҳам ошишни бошлар эди.

Ҳар йили ёзда шу нарсани, масалан, унинг талабини қондириш учун қўшимча имкониятлардан фойдаланиб, ҳажмларни биржага қўйдирар эдик. Ёз келиши билан ўша ёзда ишлатиб қўйган ҳажмларимизни, баъзи бир жойлардан имкониятларимизни жойига қўямиз. Ёзда ҳар динамикани кузатган бўлсангиз, ҳар йили ёз, қишда, масалан, тебраниш пайдо бўлади, ёзга келган пайти бир хил 80 нархи ўзгаришсиз ўтиб кетади”, – деди у.

Давлетовга кўра, спред нархлар белгиланиши ортидан яширин бозор кучайган.

Яъни кўп муҳокамалар ҳам бўлди, масалан, брокерлар ёки бошқа биржадаги ўйинлар, ўша “заправка”даги ўйинлар, “заправкачи”нинг қиладиган харажати кўчага кетиб қолди.

Қўпол қилиб айтганда, берадиган жойи бор эди, 100 доллар, 200 долларгача, ўша ҳар битта лотига, бошқасига берадиган, кўчага берадиган пули бор эди. Ўшанинг ҳисобидан биржада, масалан 9 миллион бўлган тақдирда, 1,3 коэффициенти бор бензинни нақдга оладиган бўлсак, тоннадан ҳисоблайдиган бўлсак чакана нархини 6 800, 6 500, 7 000 гача чиқарди. Шунинг ҳисобига, берадиган пулининг ҳисобига у нарх 8 000-8 500 га борар эди. Ҳозир, масалан, спредни олиб ташлаганимиздан кейин очиқ савдо бўляпти”, – деди масъул.

Отабек Бакиров фикрларни тинглаб, нақд бериладиган жойларда пуллар бензин бозоридаги монополист компаниялар чўнтагига тушаётганини айтди. Иқтисодчи расмийнинг чакана нархлар ошмаётганига оид маълумотига қўшилмаслигини билдирди.

Чакана нархлар ошяпти, ҳа, секинроқ даражада ошяпти. Лекин бу ҳали ўша июн ойида нархлар ошмасдан туриб, чакана АЁҚШчиларда эски нархлардаги захиралари мавжуд бўлгани учун таъсири ҳали сақланяпти-да, буни ҳам инобатга олиш керак бўлади. Ва менда ҳозир сизнинг чиқишингизда қанақадир важ кўряпманки, яъни ҳозир биз нимани, шу статус-квони сақлашимиз керак, спред ёки қанақадир маъмурий таъсир чораларни қўлламаслигимиз керак деган оҳанг сезиляпти.

Сиз кўриб турибсизки, сизлар спредни бекор қилганинглар билан таклиф ошиб қолаётгани йўқ. Стандарт, гўёки Совет Иттифоқида Ўзбекистон ССР Коммунистик партияси биринчи секретари имзолаган протокол сингари бозорга 1 650 тонна битим чиқади. 20 тоннадан ошиб ҳам қолгани йўқ, 50 тоннадан камайиб ҳам қолгани йўқ. Бу нимадан далолат беради? Бу бутун биржага чиқаётган ҳажм тўлиқ маъмурий усулда Ўзбекнефтгаз тарафидан ҳам, Санег тарафидан ҳам тақсимланаётганини билдиради.

Ҳозир сиз истеъмолчиларнинг ҳақини ҳимоя қилиш ўрнига, қилаётган ишларингиз охир-оқибатда коррупцион чўнтакларга тушаётган даромадларни оқлаб беряпсиз, Санегга, Ўзбекнефтгазга, яъни сотувчиларга чўнтагига тушиб бераётганини оқлаб беряпсиз-да. Истеъмолчи барибир қиммат тўлаяпти”, – деди у.

Улуғбек Давлетов айни масала қўмитани ташвишга солишини, нархлар мўътадиллигини таъминлаш учун спред нархларни қўллаш режаси мавжудлигини билдирди. Аммо мутасадди бу билан муаммога ечим топилмаслигини айтди.

Биз ҳам масалан ҳукуматга, Энергетика вазирлигига таклифларимизни киритганмиз. Шу таклифларнинг жавобини кутяпмиз. Агар таклифимиз бўйича биз хоҳлаган нарса амалга ошмаса, ўша эски механизмга қайтишга мажбур бўламиз”, – деди Давлетов.

Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид