Ўзбекистон | 07:37 / 25.07.2025
709
3 дақиқада ўқилади

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш тартиби ишлаб чиқилди

«Қишлоқ хўжалиги экинлари нав ва дурагайларини қишлоқ хўжалиги субъектлари ер майдонларида синаш тартибини тасдиқлаш тўғрисида»ги низом лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Қишлоқ хўжалиги экинлари нав ва дурагайларини хўжалик учун фойдали белгилари ҳамда иқтисодий самарадорлик кўрсаткичлари бўйича синаш ишлари талабнома берувчи томонидан танланадиган нав синаш станция ва участкалари ҳамда қишлоқ хўжалиги субъектларининг ер майдонларида амалга оширилади.

Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини хўжалик учун фойдали белгилари бўйича баҳолашда ўтказилган лаборатория таҳлиллари, махсус фитопатологик тажрибалар ҳамда сифат таҳлил натижалари ҳам инобатга олинади.

Қишлоқ хўжалиги экинларининг янги нав ва дурагайларини давлат реестрига киритишда конкурс ҳамда иқтисодий самарадорлик синовларидан ўтказиш талаб этилади.

Уруғликлар замонавий (пневматик) сеялкаларда экилади ва ўтказиладиган барча агротехник тадбирлар ресурстежамкор технологияларда амалга оширилади.

Конкурс синов марказ тизимидаги нав синаш станция ва участкалар ер майдонларида амалга оширилиб, ғўза, бошоқли дон, картошка, дуккакли, мойли ва озуқа экинларида жами 2000 м2 (1 қайтариқ 500 м2), бошқа экинларда экин туридан келиб чиқиб, жами 200-400 м2 (1 қайтариқ 50-100 м2) ер майдонлари талаб этилади.

Ҳар бир нав ва дурагайлар рендомизация усулида 4 қайтариқда экилади. Майдончалар контур шароитидан келиб чиқиб, мақбул яруслар бўйича жойлаштирилади. Синов учун экиладиган экинлар атрофида ҳимоя майдончаси бўлиши шарт.

Ғўза ва бошоқли дон экинлари навларини конкурс синовидан ўтказиш муддати икки йил, бошқа қишлоқ хўжалиги экинларида бир йилни ташкил этади.

Ишлаб чиқариш синови марказ тизимидаги нав синаш станция ва участкалар ёки қишлоқ хўжалиги субъектларининг ер майдонларида амалга оширилиб, ғўза, бошоқли дон, картошка, дуккакли, мойли ва озуқа экинларида жами 10000 м2 (1 қайтариқ 5000 м2), бошқа экинларда 5000 м2 (1 қайтариқ 2500 м2) майдонлар талаб этилади.

Ҳар бир нав ва дурагайлар рендомизация усулида 2 қайтариқда экилади. Майдончалар контур шароитидан келиб чиқиб, мақбул усулда жойлаштирилади. Синов учун экиладиган экинлар атрофида ҳимоя майдончаси бўлиши шарт.

Ишлаб чиқариш синовларини ўтказиш муддати барча қишлоқ хўжалиги экинларида бир йилдан ошмаслиги талаб этилади.

Мавзуга оид