Жамият | 10:31 / 25.07.2025
1809
4 дақиқада ўқилади

Соғлиқни сақлаш вазири коррупцияга қарши курашишда жамоатчиликни ҳамкорликка чақирди

Вазир Асилбек Худаяров тиббиётда коррупциянинг олдини олишда кучли жамоатчилик назоратини ўрнатиш муҳимлигини таъкидлади.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазири Асилбек Худаяров аҳоли ва соҳа ходимларни тиббиётдаги коррупция, бюрократия ва манфаатлар тўқнашувига қарши кескин курашда фаол иштирок этишга чақирди. ССВ матбуот хизмати вазирнинг мурожаатини эълон қилган.

«Коррупция – давлат ва жамият учун жиддий хавф. Шу боис, юртимизда барча соҳалар қатори соғлиқни сақлаш тизимида ҳам бу иллатга қарши кескин ва муросасиз курашиш, турли бюрократик ҳамда инсон омили билан боғлиқ ҳолатларга барҳам беришга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириляпти.

Албатта, жамоатчиликнинг фаол иштироки ва юртдошларимиз кўмагисиз ушбу мақсад ва марраларга эришиш, тиббиётни коррупциядан холи, тўлақонли халқчил тизимга айлантириш мушкул. Шу сабабли бу йўналишдаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва ўзаро ҳамкорликда ўз ечимини кутаётган оғриқли муаммоларимизни елкама-елка туриб, самарали ҳал этиш юзасидан сизларга мурожаат қилмоқдаман!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, «Коррупцияга қарши курашиш умуммиллий вазифа, ҳар бир ватанпарвар юртдошимизнинг виждон иши. Коррупцияга “жамият танасидаги саратон” сифатида қараш керак».

Шу маънода, бугун соҳадаги ютуқни – ютуқ, камчиликни – камчилик, деб айтиб, тизимдаги “касалликлар”га тўғри ташхис қўйиб, уларнинг давосини топишга биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур.

Аммо, афсуски, ҳали ҳам соғлиқни сақлаш муассасаларида коррупция, бюрократия, тамагирлик, манфаатлар тўқнашуви каби айрим салбий ҳолатлар сақланиб қоляпти. Бу эса тизимдаги ислоҳотлар самарадорлигига путур етказиб, халқимизнинг тиббиётга, фидойи мутахассисларимиз меҳнатига бўлган ишончини заифлаштирмоқда.

Ана шу ҳолатлардан келиб чиқиб, тизимда коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмларини кенг жорий этишга алоҳида эътибор қаратяпмиз. Соҳа фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.

Хусусан, қисқа вақт ичида қатор электрон модулларни ўзида жамлаган Ягона тиббиёт ахборот тизими (DMED) яратилиб, амалиётга татбиқ этилмоқда. Шунингдек, “Ситуацион марказ” ташкил қилиниши соҳада бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ҳамда коррупция рискларини барвақт аниқлаш ва олдини олишга хизмат қилаётгани билан аҳамиятлидир.

Бинобарин, тиббиёт ходимларини ишга қабул қилишда рақамлаштирилган янги механизм ишга туширилгани ва Бухоро вилоятида тажриба-синов лойиҳаси сифатида жорий этилгани муҳим янгиликлар сирасидан.

Ўз навбатида, соҳа раҳбар-кадрлари бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, замонавий менежмент асослари бўйича ўқитилмоқда. Тиббиёт муассасалари ҳисобчиларининг молиявий билим ва кўникмаларини ошириш бўйича ўқув курслари ташкил қилиняпти.

Албатта, бу ҳали етарли эмас. Олдинда ўз ечимини кутаётган муаммолар, давлатимиз раҳбари олдимизга қўйган талаб ва вазифалар кўп. Буни тўлақонли уддалаш учун бутун юртдошларимиз бирлашиб курашиши зарур. Шундан келиб чиқиб, биз коррупцияга қарши курашишда кучли жамоатчилик назоратини ўрнатишни муҳим мезон, деб биламиз»,  дейилади мурожаатда.

Қайд этилишича, вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бошқармалари, тизим ташкилотлари ва муассасалари ходимларининг коррупциявий хатти-ҳаракатларига гувоҳ бўлсангиз ёки қонунчиликка зид бошқа ҳуқуқбузарлик ҳолатларига алоқадорлиги юзасидан маълумотга эга бўлсангиз, вазирликнинг «1203» қисқа рақамли «Ишонч телефони» ҳамда ssvantikor_bot расмий телеграм боти ёхуд info@ssv.uz электрон почта манзили орқали мурожаат йўллаш мумкин.

«Шу ўринда, нафақат коррупцион ҳолатларни баратараф этиш, балки соҳани янада такомиллаштиришда Сизнинг фикр ва мулоҳазаларингиз биз учун жуда муҳим эканлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчиман. Ҳар бир мурожаат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан қисқа муддатларда кўриб чиқилиб, зарур амалий чоралар кўрилишини маълум қиламан»,  деган вазир. 

Мавзуга оид