Ўзбекистон | 12:45 / 25.07.2025
12651
2 дақиқада ўқилади

“Сурхондарёнинг “ўпкаси” ёниб кетяпти” – Шерободдаги ёнғин давом этаётгани маълум бўлди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Сурхон давлат қўриқхонаси ҳудудидаги ёнғин ўчирилганини билдирганди. Бироқ маҳаллий аҳоли ёнғин ҳамон давом этаётгани ва кенгайиб бораётганини айтмоқда. “5 гектар майдон ёнди деган гап ёлғон, минглаб гектар майдон ёнмоқда. Кўп йиллик арчалар билан бирга ёввойи ҳайвонлар ҳам нобуд бўлмоқда”, дейди Kun.uz суҳбатлашган гувоҳлардан бири.

Фото: Kun.uz

Шеробод тумани, Қизилолма маҳалласида жойлашган Сурхон давлат қўриқхонасига қарашли ҳудудда 2 кун олдин бошланган ёнғин ҳамон давом этаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда Kun.uz’га маҳаллий аҳоли хабар берди.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ёнғин тобора кучайиб, кенгроқ ҳудудни эгаллаб олмоқда. Уни ўчиришга бўлган уриниш фойда бермаяпти.

“Сурхондарёнинг “ўпкаси” ёниб кетмоқда. 2 та вертолёт жалб қилинган, аммо уларнинг кучи етмаяпти ёнғинни ўчиришга. 5 гектар майдонда қуруқ ўт ёнгани ҳақидаги гап ёлғон. Ёнғин минглаб гектар майдонни эгаллаб оляпти. Кўп йиллик арчалар ёниб кетмоқда, қанча ёввойи ҳайвонлар нобуд бўлмоқда. Одамлар хавотирда”, дейди Kun.uz журналисти билан суҳбатлашган гувоҳлардан бири.

Таҳририятга қўриқхонадаги ёнғин ҳамон давом этаётгани акс этган видеолавҳалар келиб тушди. Унда олов тобора кенгроқ майдонни эгаллаб олаётгани, дарахтлар ҳам ёниб кулга айланаётганини кўриш мумкин.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги 23 июл куни тушдан кейин бошланган ушбу ёнғин 24 июл куни соат 00:35 да тўлиқ ўчирилгани ҳақида маълум қилганди. Хабарларда қўриқхонага қарашли ҳудудда тахминан 5 гектар майдонда қуруқ ўт ёнаётгани айтилган.

Kun.uz ҳолат юзасидан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот котиби ёнғин расман ўчирилганини маълум қилди.

Мавзуга оид