Жаҳон | 13:01 / 25.07.2025
1171
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ давлатлари украинларнинг РФда қийноққа солингани юзасидан тергов ўтказишни талаб қилди

ЕХҲТга аъзо 40 дан ортиқ давлат Россиянинг украиналик ҳарбий асирларга нисбатан шафқатсиз муносабати юзасидан мустақил тергов ўтказишга чақирди.

Фото: AP

Нидерландия ва Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ)га аъзо бўлган яна 40 давлат Россиянинг украиналик ҳарбий асирларга нисбатан қийноқлар ва шафқатсиз муносабатда бўлишини мустақил тергов қилишга чақирди. Бу ҳақда 24 июл, пайшанба куни ижтимоий тармоқларда Нидерландия ташқи ишлар вазири Каспар Велдкамп ташаббусни қўллаб-қувватлаган мамлакатларнинг аниқ рўйхатини ошкор қилмасдан маълум қилди.

Велдкамп ўзининг навбатдаги хабарида тергов ЕХҲТ Москва механизми деб аталадиган механизм доирасида олиб борилишини эслатиб ўтди. Бу механизм, агар ЕХҲТга аъзо бир мамлакат камида тўққизтаси кўмагида «иштирокчи давлатда инсоний ўлчовга оид қоидаларни амалга ошириш айниқса жиддий хавф остида» деб ҳисобласа, терговни бошлаш имконини беради.

Бу механизм Россияга қарши илк бор 2018 йилда Чеченистондаги инсон ҳуқуқлари бузилиши муносабати билан қўлланган. Шундан сўнг ЕХҲТнинг 57 давлатидан 45 тасида Россиянинг 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли бостириб кириши муносабати билан Россияга қарши тергов бошланди.

2024 йил март ойида тақдим этилган БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши комиссияси аъзолари ҳисоботига кўра, Россия асирлигида сақланаётган украиналик ҳарбий хизматчилар бир неча ой давомида қийноқларга дучор бўлган. Унда айтилишича, Россияда ҳарбий асирлар мунтазам равишда шафқатсизларча калтакланади ва электр токи билан қийноққа солинади. Ҳисобот муаллифлари асирларга нисбатан бундай «даҳшатли» муносабат тизимли ва кенг тарқалганлигини таъкидламоқда. Бир йил ўтиб, Украинадаги ҳуқуқбузарликлар бўйича мустақил халқаро тергов комиссияси ҳисоботида украиналик маҳбусларга нисбатан қийноқлар, хусусан, Россия Федерал хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан амалга оширилгани кўрсатилган.

Мавзуга оид